Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрида йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид концепция тақдимоти билан танишди.
Пойтахтимизда аҳоли ҳам, транспорт воситалари ҳам кўпайиб бормоқда. Охирги 10 йилда шаҳарда автомобиллар сони 250 мингтадан 510 мингтага, яъни 2 баравар ошган.
Шунга мос равишда транспорт инфратузилмаси ҳам ривожлантирилмоқда. Янги йўллар, кўприклар, ерусти метроси қурилмоқда.
Хусусан, жорий йилда Тошкент метрополитенининг “Юнусобод” йўналишида 2 та станция ҳамда ерусти халқа йўлининг биринчи босқичи ишга туширилди. Жамоат транспортида 56 та йўналиш мақбуллаштирилди. Булар натижасида 170 минг аҳолининг транспорт хизмати яхшиланди, уларнинг транспортга кетадиган вақти ўртача 15-20 минутга қисқарди.
Лекин пойтахтимиз кўчаларида юклама кўп, йўл ҳаракатини тартибга солишда камчиликлар етарли. Транспорт воситалари тирбандлиги йилдан-йилга ортиб бораётир.
Шу боис давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизими ва инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича топшириқ берган эди.
Пойтахтимиз кўчаларидаги муаммолар комплекс ўрганиб чиқилди. Геоинформацион тизим орқали транспорт ва йўловчилар оқими тадқиқ қилинди.
Бугунги тақдимотда ана шу таҳлиллар натижалари ҳақида ахборот берилди.
Тошкент шаҳрида 500 дан зиёд катта чорраҳалар мавжуд бўлиб, уларнинг 200 тасида транспорт воситаларини тезкор ўтказиш даражаси паст. Автомобиль тўхташ жойлари етишмаслиги сабабли йўлнинг биринчи қаторида машиналар йиғилиб, қатновга халақит бермоқда. Ҳайдовчилар учун маълумот белгилари ҳам етишмайди. Пиёдалар ва велосипедлар ҳаракати учун қулайлик кам.
Шу каби комплекс таҳлиллар асосида Тошкент шаҳрида йўл инфратузилмаси ва жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш бўйича бош режанинг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Хусусан, пойтахтдаги 24 та йирик чорраҳанинг ҳаракатланиш тартибини оптималлаштириш, бу орқали ўртача тўхташлар сонини 71 фоиз ва вақтини 48 фоиз, тирбандликни 64 фоиз, ёқилғи сарфини 34 фоизга камайтириш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган.
Тошкент шаҳрида жамоат транспортини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари йўловчи ташиш хизматларидан аҳоли мутлақо норози эканини таъкидлади. Масалан, 79 та йўналишдаги автобуслар интервали тиғиз пайтларда 30 минутгача кечикмоқда. Оқибатда одамлар бошқа транспорт воситаларидан фойдаланишни афзал билмоқда. Бугунги кунда шаҳар жамоат транспортида бор-йўғи 33 фоиз йўловчи юрмоқда. Ривожланган мамлакатлар пойтахтида бу кўрсаткич 60-70 фоизни ташкил этади.
Шу боис мавжуд инфратузилмани яхшилаб, жамоат транспорти ҳаракатининг тезлиги ва аҳоли учун қулайлигини таъминлаш вазифа қилиб қўйилди.
Давлат раҳбари жамоат транспорти тизимида янги бошқарув услубини жорий этиш, метрополитен, автосаройлар ва йўналишли такси корхоналарини бир-бирига боғлаш, ахборот технологиялари асосида уларнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш кераклигини таъкидлади.
Бунинг учун метрополитенни бошқариш ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятининг буюртмачи ва назорат функциялари шаҳар транспорт бошқармасига ўтказилади. Молиялаштириш ҳам бошқарма томонидан амалга оширилиб, транспорт корхоналарига ҳақиқий бажарилган иш ҳажми, босиб ўтилган масофага қараб маблағ ажратилади.
Мутасаддиларга Тошкент шаҳар жамоат транспортини ягона тизим асосида тартибга солиш, молиялаштириш ва табақалашган тарифларни белгилаш бўйича вазифалар қўйилди.
Тирбандлик кузатилаётган кўп қаторли йўлларнинг бир қисмини жамоат транспорти учун ажратиш, марказий кўчаларда паркоматлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, пиёдалар ва велосипедлар йўлакчаларини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.
“Тошшаҳартрансхизмат” жамиятини тўлиқ трансформация қилиш, Транспорт университети фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Жамоат транспорти тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Тошкентдаги тажриба асосида бошқа шаҳарларда ҳам йўл-транспорт тизимини қайта кўриб чиқиб, марказий кўчаларни намунавий тарзда ўзгартириш, хусусан, Самарқандда жамоат транспортини оптималлаштириш, аҳоли ва туристлар учун қулай шароит яратиш вазифаси қўйилди.