Тошкент шаҳрида 2017 йил 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Мажлис кун тартибига 26 масала киритилган.
2017 йил 19 октябрь куни ялпи мажлис олдидан Сенат қўмиталари йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалар кўриб чиқилди. Барча қўмиталарда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, Давлат бюджети параметрларига оид масала асосий эътиборда бўлди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида айнан шу масала муҳокама марказида бўлди.
Қайд этилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан маҳаллий бюджетлар мустақиллигини ошириш ва даромад базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча маблағларни жалб этиш бўйича олиб борилаётган сиёсат самарасида 2017 йилги Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисабатан 0,1 фоиз профицит билан ижро этилиши кутилмоқда.
2018 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида солиқ юкини янада қисқартириш ва солиқ ҳамда мажбурий тўловлар миқдорини камайтириш назарда тутилган. Аввалги йиллар каби келгуси йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган харажатлар устуворликлари сақлаб қолинади.
Шу билан бирга, мажлисда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти билан боғлиқ масала кўриб чиқилди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида ҳам Давлат бюджети параметлари билан боғлиқ масала муҳокама этилди. Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикасининг «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунининг маиший чиқиндиларни қайта ишлашга доир қисмининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Қўмита мажлислари давом этмоқда.