Ёш тадбиркор Шаҳрибону Юсупбоева 2019 йили 25 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, миллий ва замонавий либослар цехини ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Т.Норбоева Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай, Хўжайли ва Тахиатош туманларида бўлиб, давлатимиз раҳбарининг Оролбўйига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнининг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Сенат раиси дастлаб Шуманай туманидаги “SHomanay eco teks» масъулияти чекланган жамиятида бўлди.

Қиймати 21 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа жорий йилнинг март ойида ишга туширилди. Бу ерга Швейцариянинг “Rieter”, “Uster”, Япониянинг “Murata”, Туркиянинг “Temsan” фирмаларининг замонавий дастгоҳлари ўрнатилди. Натижада 480 та янги иш ўрни яратилди. Ҳозиргача 4500 тонна маҳсулот Покистон, Хитой Халқ Республикаси, Туркия давлатларига экспорт қилинди.

Янги корхонанинг ишга туширилиши билан кўплаб хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Туманнинг “Деҳқонобод” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Салтанат Бекниязова ҳам ишли бўлди.

-Қўнғирот кимё-технология касб-ҳунар коллежини 2013 йилда тугатиб, ишсиз эдим,-дейди С.Бекниязова.-Биз ҳам туманимизда мана шундай корхонанинг очилишини орзу қилар эдик. Бугун эса, ўз мутахассислигим бўйича ишлаб, замонавий ускуналарни бошқаряпман. Ишга келиб кетиш учун автобус ажратилган. Ишчилар махсус кийим-кечак, иссиқ овқат билан таъминланган. Овул аёлларига бундай шарт-шароит яратиб берган Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева ишчи хотин-қизлар билан суҳбатлашди, корхонадаги шароитлар билан танишди.

Тумандаги “RANN-ОМАD” масъулияти чекланган жамиятига 1 гектар майдонда замонавий иссиқхона ташкил этиш лойиҳаси учун 4,3 миллиард сўмлик кредит ажратилди. Жанубий Кореянинг «Myung Sung Placon» LTD фирмасидан шартнома асосида 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағи эвазига замонавий ускуналар олиб келинди.

Ушбу лойиҳа 2019 йил январда тўлиқ фойдаланишга топширилди ва 30 та янги иш ўрни яратилди. Иссиқхонада йилига 120 тонна бодринг маҳсулотлари етиштирилиб, ички бозорни таъминламоқда. Келгусида лойиҳа янада кенгайтирилиб, жами 5 гектарга етказиш режалаштирилган. Сенат Раиси шу ернинг ўзида хотин-қизлар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммолари билан қизиқди.

Ёш тадбиркор Шаҳрибону Юсупбоева 2019 йили 25 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, миллий ва замонавий либослар цехини ташкил этди. Фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида жорий йилда 200 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, «Шуманай-Шаменай» масъулияти чекланган жамиятини ташкил этди. Тикувчилик ва гўзаллик салонига ихтисослашган корхонада бугунги кунда 13 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланган.

Карантин даврида ҳам иш тўхтагани йўқ, қоидаларга амал қилган ҳолда фаолият олиб борилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг якунига қадар яна 13 нафар маҳаллий аҳолини доимий иш билан таъминлашни, шу билан бирга «Темир дафтар»га киритилган ва уйда ишсиз ўтирган 65 нафар хотин-қизни қайта касбга ўқитишни режа қилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева туман 4 та сектор раҳбарлари ва фаоллар билан учрашди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 10 ноябрь куни бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида ҳар бир шаҳар ва туманни, шу жумладан Шуманай туманини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича белгилаб берган вазифалар ижроси юзасидан сўз юритилди. Ушбу ишларни янгича ташкил этиш ва назорат қилиш учун Олий Мажлис Сенатида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш ва даромадларини ошириш бўйича янги қўмита ташкил этилгани қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари ва депутатлар бу борада ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Сенат Раиси Хўжайли туманидаги 1-республика “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари билан учрашди. Шу ернинг ўзида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимоти билан танишди ва туман депутатлари билан фикр-мулоҳазалар бўлди. Шундан сўнг тумандаги “Elite Stars Textile” МЧЖ томонидан ташкил этилган ип калава йигириш корхонаси, Тахиатош туманидаги “Nayman agro teplica” МЧЖ томонидан етиштирилаётган сабзавот маҳсулотлари ҳамда меҳнат қилаётган хотин-қизлар фаолияти, “Region agro invest” МЧЖнинг ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳамда қурилиш жараёни билан танишди. Шунингдек тумандаги “Atiyag gulzar” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган ва экспорт қилинаётган ун маҳсулотлари кўздан кечирилди ва шу ернинг ўзида туман депутатлари билан учрашди. “Саховат ва кўмак” дастури доирасида “Темир дафтар”даги ҳар бир оилани иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА