Нукусда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Т.Норбоева бошқариб борди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида комиссия томонидан гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларни тазйиқ ва зўровонликлардан ҳимоя қилиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Жумладан,  мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоясига қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар уларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ҳуқуқларининг камситилишига оид  стандартларга мослиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилинди.

Комиссия томонидан БМТ нинг Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенция қоидаларини ҳаётга тадбиқ этиш ҳамда Пекин ҳаракатлар платформаси ва Миллий режани амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 10 июндаги қўшма қарори билан “Аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар” рўйхати бекор қилинди.

Хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратишга қаратилган “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси” лойиҳаси тайёрланиб, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан келишилмоқда. Мазкур стратегиядаги барча йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.

Оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг уй-жой шароитини яхшилаш мақсадида ўтган йили 25 миллиард 778 сўмлик уй-жой суммасининг бошланғич бадали Хотин-қизларни ва оилани қуллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тўлаб берилди.

Мана шундай аёллар, айниқса ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш Дастури қабул қилинди. Жорий йилда тижорат банклари томонидан жами 426 нафар хотин-қизга 58 миллиард 125 миллион сўм кредит ажратилди.

Тадбирда гендер тенгликни таъминлашда мавжуд камчиликлар, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари, келгусидаги режалар бўйича батафсил  ахборот берилди.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари, интернет журналистикаси вакиллари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА