Президентимиз ташаббуси билан икки йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида Орол денгизининг суви қуриши билан қум, туз ва чангларнинг ҳавога кўтарилиши натижасида минтақада яшовчи аҳолига, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилаётган зарарнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳосил бўлган Оролқум саҳросида ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги “Орол денгизининг суви қуриган тубида «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 24 декабрда “Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди. Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда 2019 йилнинг қиш ва 2020 йилнинг баҳор мавсумида ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва манфаатдор идоралар томонидан Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш тадбири уюшқоқлик билан ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2019 йил 28 февралдаги ва 2019 йил 1 ноябрдаги қарорларига асосан Мўйноқ давлат ўрмон хўжалигига жами 941 минг гектар ер майдони доимий фойдаланиш учун ажратиб берилди.
Ўтган йилнинг кузида ва жорий йил бошида амалга оширилган ишлар натижасига кўра, жами 700 минг гектардан зиёд майдон кўкуламзорлаштирилди. Денгизнинг қуриган тубида чўл экинларидан саксовулзор ва яшил қопламани яратиш зарурати майда туз заррачаларини унумдор тупроққа ўтишини чеклаш ва яйлов чорвачилигини ривожлантиришга замин яратади. Шу нуқтаи назардан мазкур ҳудудда сўнгги икки йилда сепилган уруғлар ва экилган кўчатлар ҳолатини ўрганиш қандай натижа берди?
Бу ҳақида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг ўринбосари, Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти директори, қишлоқ хўжалиги фанлар доктори Абдишукур Ҳамзаев билан суҳбатлашди.
– Бу ерда экилган ўсимликлар ҳолатини ўрганиш ишлари мунтазам олиб борилмоқда,– дейди ишчи гуруҳ раҳбари Абдишукур Ҳамзаев. – Oхирги маротаба жорий йилнинг июнь ойида Мўйноқ, Ахантай ва Қораўзак ҳудудларида ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикасининг ўрмонзорларида мелиоратив ишларни олиб боришнинг долзарблигини мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси яхши билади. Денгиз сувининг қуриши натижасида бепоён қумли саҳро ҳосил бўлди. Юзага келган экологик ҳолатни бартараф этиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан ушбу ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ташаббуси илгари сурилди. Мана икки йилдирки, денгизнинг қуриган тубида ўрмон-мелиоратив ишларининг натижаси ўрганилиб, ишчи гуруҳ томонидан мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Маълум бўлишича, Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида ўрмон барпо қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ўрмон хўжаликлари томонидан 2019 йил қиш ва 2020 йил баҳор мавсумларида жами 2769,8 тонна чўл ўсимликларининг уруғлари тайёрланди.
Шундан 1319,2 тоннасини саксовул, 541,1 тонна қандим, 810,9 тонна қорабуроқ, 5 тонна черкез ва 93,6 тонна чўл яйлов ўсимликлари уруғлари ташкил этади. Тайёрланган уруғлар ўрмон-мелиоратив тадбирлар учун сарфланди. Ўрмон хўжаликлари томонидан ўрмон экиш ишларига саксовул ниҳолларини етказиб бериш мақсадида 200 гектардан ортиқ майдонда ниҳолхоналар ташкил этилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида 2018 йил қиш ва 2019 йил баҳор мавсумларида 461 минг гектар экилган бўлса, 2019 йил қиш ва 2020 йил баҳор мавсумларида Орол денгизининг қуриган тубида жами 743 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” ҳимоя ўрмонзорлар барпо этилди. Бундан ташқари, 3 минг гектар майдонда чўл ўсимликларидан яйловзор барпо этиш ишлари бажарилди. Шунингдек, ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш учун 166,3 минг гектар майдонда ерлар экишга тайёрланган.
Президентимизнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берган топшириқларига мувофиқ 2021 йилда Мўйноқ туманидаги Орол денгизининг қуриган тубида 300 минг гектар ўрмон мелиоратив ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек Оролбўйи минтақаси бўлган Бухоро, Хоразм, Навоий вилоятларининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа чўл ҳудудларида ҳам қўшимча 247 минг гектар чўл ўсимликларидан ҳимоя ўрмонзорларини барпо қилиш кўзда тутилган. Бу борада ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланиб, ҳозирги кунда тегишли вазирлик ва вилоятлар, идоралар билан келишилди.
Мониторинг натижаларига кўра, ўрмон хўжаликларига 139 минг гектарни ташкил этадиган кам унувчанликка эга жойларида қорабароқ ва тамариксни тўлиқтириш бўйича тафсиялар берилди. Кучли шўрланган ҳудудларнинг айрим жойларида тупроқнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тадбирларни тупроқшунос олимларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш талаб этилади.
Саксовул ўрмонзорларида касаллик ва зараркунандалар аниқланиши билан биз ўсимликларни ҳимоя қилиш учун кичик авиациялар (делтаплан) ёрдамида касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш чораларини кўришни таклиф қиламиз.
Аммо ижобий ўзгаришлар аллақачон аниқ кўриниб турибди. Ўрмонларни мелиоратив ҳолатга келтириш чора-тадбирлари натижасида ўрмон соябони шаклланиб, экотизим тикланмоқда ва улар биологик хилма-хилликнинг пайдо бўлиши, сақланиши ва кўпайиши учун қулай шароит яратмоқда.
Орол денгизининг қуриган тубида олиб борилаётган ишлар минтақа иқлимини экологик жиҳатдан яхшилашда катта аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан ўрмонзорлар барпо қилиш ишлари давом этади. Олимлар мураккаб муаммоларни ўрмон хўжалиги ходимлари билан биргаликда ҳал қилиш йўлларини изламоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ суҳбатлашди,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА