Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида шифокорлик касби масъулияти, тиббиёт ходимларининг ҳалоллиги ва тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Маълумки, тиббиёт муассасаларида коррупция ҳолатларига барҳам бериш масаласи ҳамон долзарб. Соғлиқни сақлаш соҳасини шаффоф тизимга айлантириш, шифокорларнинг ҳалол, пок ишлашлари учун тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ, гуруч кўрмаксиз бўлмаганидек, оқ халатли халоскор касб соҳиблари орасида ҳам порахўрлик ва таъмагирликка берилганлари учраб туради.
Йиғилишда мазкур иллатга барҳам бериш юзасидан Коррупцияга қарши кураш агентлиги зиммасига тегишли вазифалар юклатилди.
Агентлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда тиббиёт муассасаларини коррупциядан тозалайди, ҳар бир шифохона раҳбарининг ўз вазифасига лойиқ эканини ўрганади.
– “Ҳалоллик вакцинаси” билан ишлаш тиббиёт ходимларининг энг катта шиори, байроғи бўлиши керак. Тиббиёт ходимларини ҳалолликка ўргатиб олсак, одамлар биздан рози бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.