Нукусда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бекзод Мадаминов ва бошқа мутахассисларнинг таъкидлаганидек, мазкур фармон давлат корхоналарини бошқариш, трансформация қилиш, давлат активларини сотишдан олдин тайёрлаш, хусусийлаштириш ва унинг тартибларини белгилайди.
Фармоннинг 4-иловаси билан Қорақалпоғистон Республикасидаги 12 та давлат иштирокидаги корхонадаги давлат улушларини хусусийлаштириш белгиланган. Жумдалан, 9 та давлат иштирокидаги корхонанинг давлат акция пакетлари ва улушлари оммавий савдолар орқали сотилади, 3 та акциядорлик жамиятнинг давлат акция пакетлари ушбу жамиятлардаги давлат улуши бор таъсисчилар устав фондига номинал қийматда ўтказилади.
Мазкур фармон билан давлат активларини хусусийлаштиришда жорий этилган янги тартиблар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Жумладан, давлат улушларини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган ва қисман тўловни амалга оширган харидорларга тўлиқ тўловлар амалга оширилгунга қадар улуш қийматининг тўланган қисмига мутаносиб равишда жамият бошқарувида иштирок этиш ва дивидендлар олиш ҳуқуқи асосида “тасарруф этиш ҳуқуқисиз” эгалик сертификати берилиши, давлат активларини сотишнинг шартларига мувофиқ бўлган буюртманома фақат бир нафар талабгор томонидан берилган бўлса, ушбу ягона иштирокчи билан олди-сотди шартномасини тузиш мумкинлиги, фармоннинг 4-иловасидаги корхоналар соф активларининг давлат акция пакетлари (улушлари)га нисбатан пропорционал қиймати 100 миллион сўмдан ошмаса, уларни истисно тариқасида, соф активларининг пропорционал улушига тенг (соф активлари устав капиталидан кам бўлганда номинал) қийматда оммавий савдоларга чиқарилиши каби янги тартиблар жорий этилди.
Давлат тендер комиссиясига мазкур фармоннинг 4 ва 5-иловаларидаги давлат акция пакетлари (улушлари), кўчмас мулк объектлари баҳоланган нархда оммавий савдоларда уч ой муддат давомида сотилмаган тақдирда, уларнинг бошланғич нархини Агентликнинг таклифига асосан қайта белгилаш, шунингдек давлат активларини хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш уларни сотиш шартлари, савдо тури ва оммавий савдоларда бошланғич нархини белгилаш ваколатлари жорий этилди.
Бундан ташқари, давлат кўчмас мулк объектларини “ноль” харид қийматида сотиш амалиёти бекор қилиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоят Кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда Давлат тендер комиссиясига кўчмас мулк объектларини инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиш шарти билан “1 сўм” бошланғич нарх билан оммавий савдоларга чиқариш юзасидан қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди.
Фармон ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашига берилган ваколатлар доирасида жорий йил 1 декабрга қадар 51 та давлат кўчмас мулки объектининг оммавий савдоларга чиқарилиши таъминланади.
–Матбуот анжуманини ўтказишдан асосий мақсад, фармоннинг мазмун ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари вакиллари орқали кенг жамоатчиликка етказишдан иборат, дейди Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосари Ажинияз Мнажов. –Бу эса, давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга хизмат қилади.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.