Пойтахтимиздаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси тинчлик ва осойишталик, осуда ҳаётнинг қадрига етишга чорлаши билан диққатга сазовордир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон рус маданият маркази ҳамкорлигида бу ерда ташкил этилган тадбирдан шундай хулосага келиш мумкин.
Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган мазкур маърифий тадбир расмиятчилик ва баландпарвозликдан ҳоли тарзда ғоят самимий руҳда ўтди.
Иштирокчилар дастлаб боғдаги мардлик ва матонат, жасорат тимсоллари бўлмиш Зулфия Зокирова ҳамда биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимов ҳайкаллари пойига гуллар қўйди.
…Айни куз палласи бўлса-да, мажмуа анвойи гулларга тўла. Биллур фавворалар ғалаба онларининг яқинлашишига ўз жони, заҳматли меҳнати, сабр-бардоши билан ҳисса қўшган минглаб ҳамюртларимизга тасаннолар айтаётгандек гўё. Мана Ўзбекистондан Ватан топган болалар ҳайкали, униси фашизм балосини енгган музаффар аскарлар рамзи…
– Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб марказимиз кўплаб тадбирлар ўтказишни режалаштирган эди, – деди Ўзбекистон рус маданият маркази аъзоси Александр Аристов. – Лекин пандемия сабаб уларнинг айримлари тўхтаб қолди. Ушбу боққа назаримда, энг аввало инсон қалб қўри сарфланган. Шунинг учун ҳам бу ерда бирон бефарқ юрган одамнинг ўзини тополмайсиз. Мажмуадаги музей, ундаги экспонатлар ўша оғир йиллар ҳақида сўзлайди.
Дарҳақиқат, шу каби мўътабар масканлар, катта авлод вакилларининг хотиралари ёшларни фидойилик, юртга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялашда асосий ўрин тутади. Айни пайтда мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсат ҳам турли миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, тотувлик, меҳр-оқибат, тинчлик муҳитини кўз қорачиғидек асрашга йўналтирилгани билан жаҳонда алоҳида эътироф этилмоқда, юксак баҳоланмоқда.
– Отам, амаким Иккинчи жаҳон урушининг иштирокчилари бўлишган, – деди Зарафшон шаҳридаги рус маданият маркази фаоли Татьяна Залилова.- Бу музей, ундаги экспонатлар, умуман «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси машаққатли, муносиб меҳнатнинг самарасидир. Жонажон Ўзбекистон менинг Ватаним эканидан, шу ерда истиқомат қилаётганимдан жуда фахрланаман. Бу даргоҳда инсон ҳаяжонланмай, кўзи ёшга тўлмай қолмайди.
Тадбирда мамлакатимизда барча жабҳаларни ислоҳ этиш, Ғалабага ҳисса қўшган ўзбекистонликлар хотирасини эъзозлаш борасидаги эзгу ташаббуслар ҳақида сўз борди. Маърифий экскурсия тарзида ўтказилган тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Назокат Усмонова, ЎзА