Мамлакатимизда ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитини тубдан яхшилаш ва ҳаёт даражасини юксалтиришга устувор аҳамият берилмоқда. Уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб муаммоларни бартараф этилмоқда.
Пандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириб, уларга манзилли ёрдам берилмоқда. Бу борада ҳамда иқтисодиёт тармоқлари фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашда секторларнинг ўрни беқиёс.
Хусусан, прокурорлар секторлари томонидан ўтган қисқа давр мобайнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаб келаётган муаммолар ечимини топиш ва ижобий ҳал этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, пандемия шароитида прокурорлар секторларидаги 149 минг 911 эҳтиёжманд оилага 7 миллиард сўмлик озиқ-овқат, 380 миллион сўмлик дори-дармон, 12,9 миллиард сўмлик чорва, 6,6 миллиард сўм пул маблағлари тарқатилди.
Иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, қурилиш комплексларидаги лойиҳалар доирасида ҳамда расмий ўзини-ўзи банд қилиш ва бошқа фаолият турлари бўйича 124 минг 844 нафар эҳтиёжманд оиланинг ишсиз аъзолари бандлиги таъминланди.
Кўрсатилган амалий ёрдам натижасида ижтимоий аҳволи яхшиланганлиги сабабли прокурорлар секторларидаги 72 минг 451 (48,3 фоиз) эҳтиёжманд оила маҳаллий кенгашларнинг қарорлари асосида тегишли рўйхатлардан чиқарилди.
Секторларга қўйилаётган вазифалар кўлами кундан-кунга ортаётганлиги эса уларнинг халқ манфаати йўлидаги фаолиятини янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда. Ушбу мақсадда ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларида секторлар фаолияти билан боғлиқ вазифалар ижроси учун масъул бўлган мазкур ҳудудлар прокурорларининг катта ёрдамчиси лавозими жорий этилди.
Жорий йилнинг 31 октябрь куни Бухоро шаҳрида бевосита секторлар иши учун масъул бўлган катта ёрдамчилар иштирокида Бош прокуратура томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари билан ҳамкорликда “Пандемия шароитида ҳамда яқин истиқболда секторлар фаолиятини самарали ташкил этиш борасидаги долзарб вазифалар” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда Президент Администрацияси ходимлари, Бош прокуратура ва унинг қуйи тузилмалари масъул ходимлари, Бухоро вилояти ҳокимлиги, ИИБ, солиқ идораларининг сектор котиблари, вилоят халқ қабулхонаси вакиллари, барча туман (шаҳар)лар 2-сектор котиблари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Семинар-тренингда аҳолини қийнаётган муаммолар билан ишлаш тизими ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, прокуратура масъул ходимларига секторлар олдига қўйилган асосий вазифалар, saxovat.argos.uz сайти билан ишлаш тартиби, секторларда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”нинг юритилиши, уларга эҳтиёжмандлар, ёшлар ҳамда аёлларни киритишнинг мезонлари, кенг жамоатчилик, хусусан оммавий ахборот воситалари билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари атрофлича тушунтирилди.
Тадбир баҳс-мунозара руҳида ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.
Тадбир иштирокчилари Бухоро вилояти туман ва шаҳарлари 2-секторларида ҳам бўлиб, янги ва муҳим вазифаларни амалга ошириш механизмлари билан бевосита танишди ҳамда ўзаро тажриба алмашди.