Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов видеоконференция шаклида ўтган ташқи ишлар вазирлари даражасидаги «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқотининг иккинчи йиғилишида иштирок этди.
Ўтган йили Самарқандда асос солинган ушбу дипломатик платформа минтақавий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришда долзарб ва самарали механизмга айланди. Бу Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги тарихий алоқаларнинг янги босқичга кўтарилганидан далолатдир. Зеро, ҳар икки давлат асрлар давомида Европа – Осиё савдо муносабатларида ўзига хос дарвоза ҳисобланган.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон қадимдан илм-фан тараққиёти ва тинчликка интилиб, халқлар бирдамлиги учун ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратган. Буюк бобокалонларимиз Ҳиндистон халқининг тарихи бобида беназир асарлар яратгани, ўзбек ва ҳинд санъатлари миллий маданиятлар ва адабиётларимиз сарчашмаларидан бирдек баҳраманд бўлгани ҳам айни ҳақиқат.
Хусусан, Абу Райҳон Беруний мўъжизалар мамлакати ҳақида “Ҳиндистон” асарини ёзган бўлса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз “Мухтасар”ида Хусрав Деҳлавий ашъорларини келтиради. Бугун эса икки давлат раҳбарлари маънавий яқин, урф-одати, ҳаётий қарашлари ўхшаш халқлар тарихий муносабатларида янги даврни бошлаб берди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил октябрь ойида Ҳиндистонга биринчи давлат ташрифи чоғида ҳинд халқига юксак ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида Нарендра Модига буюк мутафаккир Робиндранат Тагорнинг ўзбек тилида чоп этилган 8 жилдли асарлар тўпламини совға қилди. Илмий, маърифий, маданий яқинлик халқларимизнинг бугунги кунда ҳам Шарқу Ғарб бўйлаб илм-фан ютуқларидан биргаликда баҳраманд бўлаётганидан далолат. Бу, ўз навбатида, биргаликда савдо-сотиқ алоқаларини ривожлантиришга имкон бериб, ҳамкорликнинг жорий босқичида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида қарор топган стратегик шериклик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамламоқда.
Қайд этиш жоиз, Ҳиндистон билан узоқ муддатли стратегик шерикликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Дипломатик алоқалар: минтақавий барқарорлик йўлидаги ҳамкорлик
Ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги дипломатик алоқалар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Хусусан, Темурийшоҳ Шоҳрух Мирзо Ҳиндистон билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш учун 1433 йил Хўжа Абулмакоим бошчилигидаги элчиларни ҳинд юртига юборади. Бу эътиборга жавобан Насириддин Маҳмудшоҳ 1437 йил ўз элчиларини Самарқандга йўллайди. Тарихий манбаларда қайд этилишича, ҳар икки халқ бугунги кунда бўлгани каби ўша кезларда ҳам минтақавий барқарорликка интилган. Масалан, XV асрда Бенгалия ва Жоунпур ҳокимликлари ўртасида муросасизлик юз беради. Шоҳрух Мирзо ҳар икки томонга элчи юборгач, мухолиф томонлар ўртасидаги кескин рақобат барҳам топади.
Кейинчалик Темурийлар сулоласи вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобур тарихий шароит сабаб Мовароуннаҳр заминини тарк этиб, Ҳиндистон сари юзланади. Ушбу воқелик Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романида Бобур тилидан шундай баён қилинади: “Ёруғ бир истиқболни Ҳиндистон томондан изламоқдамен…”.
Ҳиндистонда 300 йилдан ортиқ даврда улкан салтанатга асос солган сулола “Бобурийлар” номи билан тарихда қолди. Бу ерда қарор топган тинчлик туфайли моддий ва маданий ҳаёт тараққий этиб, бетакрор обидалар, қадриятлар яратилди. Ўзбек ва ҳинд халқининг сиёсий, иқтисодий, маданий алоқалари ва ҳамкорлиги кенг кўламда ривож топди.
1965 йил август-сентябрь ойларида Ҳиндистон билан Покистон ўртасида қуролли можаро юз берди. Халқаро ҳамжамият икки давлатни яраштириш чораларини кўради, музокаралар учун эса Тошкент шаҳри танланади. Шу тариқа Ўзбекистон ҳудуди дунёга тинчлик илинган мамлакат сифатида яна бир бор тарихда қолди.
Истиқлол йиллари: ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, 1992 йил 18 март куни Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатиш ҳақида протокол имзоланди. 2011 йил Стратегик шериклик ҳақида қўшма баёнот қабул қилинди. Минтақавий, ташқи сиёсат масалаларида ўзаро фикр алмашиш ва якдил ҳаракатларни ташкил қилиш мақсадида 1997 йилдан Ўзбекистон ва Ҳиндистон ташқи сиёсат маҳкамаларининг сиёсий маслаҳатлашувлари доимий асосда ташкил этиб келинмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида Ҳиндистон парламенти палаталари билан ҳамкорлик гуруҳлари тузилди. Натижада давлатларимизнинг қонун ижодкорлиги йўлидаги ҳамкорлигининг аниқ механизми яратилди, шу орқали барча соҳалардаги муносабатларни сифат жиҳатидан яхшилашга имкон туғилди.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигида янги тарихий қадамлар

Ўзбекистон улкан иқтисодий имкониятларга эга Ҳиндистон билан савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Сўнгги йилларда технология, инновация, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожига катта эътибор бераётган мамлакатимиз учун Ҳиндистон тажрибаси ва технологиялари муҳим аҳамиятга эга. Ўз навбатида, Ҳиндистон учун ҳам Марказий Осиё минтақасида қулай савдо йўлида жойлашган, минтақада жадал ривожланаётган, инвесторларни қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистон истиқболли ҳамкордир.
Бугунги кунда икки давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган мулоқоти халқларимиз манфаати йўлида барча соҳаларда шерикликни юқори даражада ривож топтиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 ва 2019 йиллар Ҳиндистонга олий даражадаги ташрифлари ўзаро муносабатларда янги саҳифа очди.
Ушбу ташрифлар доирасида Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида сиёсий, иқтисодий, инвестициявий, инновация, транспорт, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Ҳиндистон ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири. Шу боис савдо-иқтисодий ҳамкорлик мамлакатларимиз муносабатида алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳиндистон сармояси иштирокида 280 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Деҳлида Ҳиндистон – Ўзбекистон савдо уйи очилгани, Тошкентда Ўзбекистон – Ҳиндистон тадбиркорликни ривожлантириш маркази ташкил этилгани икки мамлакат ишбилармонлари фаоллигини оширишга ёрдам бермоқда.
Қадимда “Буюк Ҳиндистон” дея аталган карвон йўли ҳинд заминини Марказий Осиё билан боғлаган. Бугунги кунда ҳам Марказий ва Жанубий Осиё бозорлари ўртасида ишончли савдо ва транспорт коммуникацияларини яратишга зарурат туғилмоқда. Шу маънода Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган трансафғон темир йўл лойиҳаси истиқболда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида ўзаро савдони янада ривожлантиришга имкон беради.
Олий даражадаги ташрифлар якунлари ҳам барча соҳалардаги, жумладан, илмий ва ижодий шерикликни янги босқичга кўтариш, долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш, туризм, қишлоқ хўжалиги, фан-техника ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Коинотни тадқиқ этиш ва ундан тинчлик мақсадларида фойдаланиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт илми соҳасида ҳамкорлик каби турли соҳаларда 20 та ҳужжат имзоланди. Эришилган келишувлар бугун ҳаётда ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, Президентимиз ташрифи натижасида Тошкентда Амити, Андижонда Шарда университетлари филиаллари очилди. Жорий йил сентябрда мамлакатимиз олий ўқув юртлари орасида биринчи бўлиб Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти Ҳиндистонда ўз филиалини очди. Шу тариқа миллий кадрлар тайёрлаш сиёсатидаги ҳамкорлик янада фаоллашмоқда.

Ўзбекистон бугун Ҳиндистон мисолида минтақада савдо муносабатларини янада ривожлантириш, барқарорликни мустаҳкамлашда ишончли шерикни кўради. Ўз навбатида, Ҳиндистон Ўзбекистон раҳбариятининг инновацион ёндашуви ҳамда ички ва ташқи сиёсати самарали эканини қайд этиб, ҳамкорликка интилмоқда.Жумладан, ҳамкор мамлакатнинг «Business Central Asia» журналида чоп этилган мақолада мамлакатимиздаги ислоҳотлар эътироф этилиб, “Бу нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишидан манфаатдор хорижий ҳамкорлар учун ҳам муҳимдир” дея қайд этилади. Ҳиндистонлик эксперт Мина Синх Рой Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни қайд этар экан, мамлакат учун таълим, диний ва дунёвий билимларни эгаллаш жамиятни ривожлантириш ва замонавий хавф-хатарларни олдини олишнинг асоси ҳисобланишини қайд этади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон минтақада тараққиётнинг янги даврини бошлаб бермоқда. Азалий дўст мамлакат Ҳиндистон эса ушбу интилишларни фаол қўллаб-қувватламоқда.
Улуғбек Шоназаров,
“Дунё” АА шарҳловчиси

 

ЎзA