Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги, транспорт, йўл қурилиши, истеъмол товарлари, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари Хоразм вилоятидаги тарихий обидаларига саёҳат қилди.
Икки кунлик тадбир давомида “Khorezm Palace” масъулияти чекланган жамиятининг ички туризм бўйича менежери Илҳом Бекчановнинг раҳбарлигида меҳмонлар карантин қоидаларига қатъиян амал қилган ҳолда Урганч ва Хива шаҳарларининг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.
Хоразм ўзининг қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, хушманзара табиати, бетакрор қадрият ва анъаналари билан жаҳон сайёҳларини ўзига ром этиб келмоқда. Археологик тадқиқодларнинг кўрсатишича, Хива шаҳри камида 2500 ёшга кирган. Буларнинг ҳаммаси ЮНEСКО ташкилотига Хивани қўриқхона аҳамиятидаги шаҳар деб эълон қилишга, шаҳарнинг ички қисми бўлган Ичан-қалъани эса жаҳон аҳамиятидаги тарихий ёдгорлик деб эътироф этишга асос бўлган. Хива шаҳрида 64 та мадраса мавжуд бўлиб, шулар ичида энг йириги Хива хони Муҳаммад Аминхон томонидан қурилган мадраса ҳисобланади.
Ичанқалъа – Ўрта Осиёдаги йирик ва ноёб меъморий ёдгорлик. Унга 4 та-Боғча дарвоза, Полвон дарвоза, Тош дарвоза, Ота дарвозадан кирилган. Меъморий ёдгорлик девори илк бор эрамиздан аввалги VI-V асрларда қурилган бўлиб, давр ўтиши билан бир неча бор таъмирланган. Деворнинг баландлиги 7-8 метр, қалинлиги қуйида 8-10, юқорида 2-3 метрни ташкил қилади, унинг устида бемалол аравада юриш имкони бўлган. Калта Минор минораси, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ва бошқа тарихий обидалар саёҳатчиларда яхши таассурот қолдирди.
Иккинчи куни Урганч шаҳридаги “Охунд бобо” жомеъ масжидига зиёрат ташкил этилди. Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизни қайта тиклаш, улуғ авлиёлар, табаррук инсонлар қадамжоларини ободонлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда воҳага ташрифи доирасида “Охунд бобо” жомеъ масжиди янги замонавий лойиҳадаги биноси қурилишига тамал тоши қўйилди ва қисқа муддатда фойдаланишга топширилди. Бу ерда ҳазрати Ниёз Муҳаммад Охунд бобонинг табаррук қабри бошида қуръон тиловат қилинди.
Меҳмонлар Жалолиддин Мангуберди мажмуасида ҳам бўлди. 1999 йилда таваллудининг 800 йиллиги муносабати билан бунёд этилган мажмуа марказида Ж.Мангубердининг 14,5 метрлик салобатли ҳайкали жойлашган. Ёдгорлик мамлакатимиздаги энг баланд монументлардан бири ҳисобланади. Мустақилликдан кейин унинг озодлик учун курашига юқори баҳо берилган ҳолда “Жалолиддин Мангуберди” ордени таъсис қилинди.
–Икки кунлик саёҳат давомида кўплаб тарихий обидаларда бўлдик, –дейди “Қорақалпоқйўлкўкалам” унитар корхонаси ишчиси Гулзорхон Ерниязова. –Бундай тадбирни ташкил этган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига, Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашига ҳамда “Khorezm Palace” масъулияти чекланган жамиятига миннатдоршилик билдирамиз. Келгусида мамлакатимизнинг Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарларига ҳам мана шундай саёҳатлар ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шундай қилиб, қадимий ва навқирон Хоразм вилоятининг тарихий жойларига саёҳат иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.