Адиблар хиёбонида йигирма беш нафар ёзувчи ва шоирларимизга бронза, мис ва гипсдан ҳайкаллар ўрнатилган. Улар 13 нафар ҳайкалтарош томонидан ишланган. Бу йил ўрнатилган ҳайкаллар орасида гипсдан ишланганлари кўп бўлган. Ёзувчилар уюшмаси матбуот котиби Фозил Фарҳод бу ҳақида хабар берар экан, ҳайкаллар нима учун аввал гипсдан ясалганига изоҳ бериб ўтди. «Биласиз, гипсдан ясалган ёдгорликнинг умри қисқа, ёмғир-қорга чидамсиз бўлади.
Шу боис уларнинг тезда тўкилиш эҳтимоли катта. Бундан ўн йиллар аввал Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Зулфия, Саид Аҳмад ва Саида Зуннуновага гипсдан ўрнатилган ёдгорликлар узоқ йиллар туриб қолгани боис тўкилиб кетганини кўпчилигимиз биламиз. Кейинчалик бу ҳайкаллар мис ва бронзага алмаштирилди. Адиблар хиёбонидаги Огаҳий, Бердақ, Муқимий, Фурқат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Тўлепберген Қайипбергенов, Александр Файнбергнинг гипсдан ясалган ҳайкаллари бронзага алмаштирилмоқда», дейди ёзувчилар уюшмаси матбуот котиби.
Маълумотларга кўра, ноябрь ойида Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Авлоний, Ибройим Юсупов сингари ёзувчи-шоирларнинг гипсдан ишланган ҳайкаллари бронзага ўзгартирилади. Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири, машҳур шоир, забардаст драматург, адабиётшунос олим ва таржимон Мақсуд Шайхзодага эса биратўла бронзадан ҳайкал ўрнатилади.
ЎзА