Ўзбекистон ТИВ Оператив штаби ахбороти

Махсус комиссия қарори билан, шунингдек, Ташқи ишлар ва Транспорт вазирликларининг биргаликдаги фаолияти натижасида 2020 йилнинг 28 октябрь куни Абхазияда қолиб кетган Ўзбекистон фуқаролари – 299 кишидан иборат иккинчи гуруҳ Сочи шаҳридан “Uzbekistan Airways” АЖ чартер рейси билан Ватанга қайтарилди.
Аввалроқ, 9 октябрь куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ махсус поездида ёрдамга муҳтож (ҳомиладор аёллар, қариялар, беморлар ва болали аёллар) 19 нафар ҳамюртимиздан иборат биринчи гуруҳ Ватанга қайтарилган эди.
Айни пайт дипломатларимиз ушбу чегара олди ҳудудида Абхазиядаги ватандошлар билан боғлиқ вазиятни назорат қилмоқда.
Ҳозирги вақтда Россия Федерацияси ҳудуди орқали Абхазияда қолган Ўзбекистон фуқароларини юртимизга олиб келишни ташкил этиш бўйича Россия томони билан музокара олиб борилмоқда. Шу муносабат билан яқин вақт ичида Сочи шаҳридан навбатдаги чартер рейсларни амалга ошириш кутилмоқда.
Коронавирус инфекцияси пандемияси пайтида фуқароларнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай ҳолат айниқса қариялар, беморлар, сурункали касаллиги бор фуқаролар учун ниҳоятда хавфлидир.
Хорижий мамлакатлар ҳудудидаги ватандошларимиздан оммавий тўпланмаслик, барча карантин талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда ўзлари ва яқинлари саломатлигини хавф остига қўймасликларини яна бир бор сўраймиз.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

 

ЎзА