Ўзбекистон ФАОнинг минтақавий анжуманини ўтказмоқда

Жорий йилнинг 2-4 ноябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Минтақавий конференциясининг Европа учун ўттиз иккинчи сессияси COVID-19 пандемияси ва эпидемия билан боғлиқ жамоатчилик соғлиғини сақлаш соҳасидаги муаммолар туфайли виртуал форматда бўлиб ўтади.
ФАОнинг минтақавий конференциясига илк бор Ўзбекистон раислик қилмоқда. Демак, йиғилишни мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев бошқариб боради. Эслатиб ўтамиз, ФАО ҳар икки йилда Европа учун Минтақавий конференция ўтказиб келади. Мазкур учрашув минтақада озиқ-овқат хавфсизлигига оид асосий чақириқлар билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилиш учун қулай майдонча бўлиб хизмат қилади. Олдинроқ тадбир жорий йилнинг 5-7 май кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган эди. Афсуски, пандемия сабаб тадбирни орқага суриш ва онлайн тартибда ўтказишга қарор қилинди.
БМТнинг озиқ-овқат тизими бўйича Саммити арафасида 2021 йил Минтақавий конференция Европа ва Марказий Осиёда барқарор озиқ-овқат тизимини яратиш ва соғлом овқатланишга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратади. Давра суҳбати доирасида овқатланиш ва барқарор озиқ-овқат тизими ҳолати, шунингдек, минтақадаги тегишли муаммолар, имкониятлар кўриб чиқилади.
Конференциянинг биринчи иш кунида ёшлар бандлиги ва қишлоқ жойларини ривожлантириш масаласи кўтарилади. Муҳокама жараёнида кичик ер эгалари, оилавий фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигида банд бўлган ёшлар бўйича таҳлил, хусусан, Европа ва Марказий Осиё минтақасида қишлоқ ҳудудларини ўзгартирадиган стратегия шарҳи тақдим этилади.
Анжуманда эпидемия туфайли юзага келган инқироз туфайли шакллантириладиган ФАОнинг келгуси фаолиятига ҳам эътибор қаратилади. Учрашув доирасида инновациялар ва рақамлаштириш, шунингдек, Бутунжаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси иши бўйича тадбирлар ҳам бўлиб ўтади. Бундан ташқари “2014-2019 йилларда ФАО томонидан Европа ва Марказий Осиё минтақасида ўтказилган баҳолаш синтези” ҳужжати ҳамда ФАОнинг “Қўлни қўлга бериб” ташаббуси тақдим этилади.
Минтақавий конференция инглиз, француз, рус ва испан тилларига тўғридан-тўғри синхрон таржима қилинади. Ялпи йиғилиш, вазирлар иштирокидаги давра суҳбати ва бошқа тадбирлар Интернет орқали трансляция қилинади. Интернет-трансляция, шунингдек, йиғилиш доирасидаги барча тадбирлар юқоридаги тўртта хорижий тилда бериб борилади.
ФАО Бош директори Цюй Дуньюй, унинг ўринбосари, Европа ва Марказий Осиё бўйича Минтақавий вакил Владимир Рахманин, Минтақавий вакил ўринбосари, Европа учун Минтақавий конференция (ЕМК) Котиби Набил Ганджи, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири, конференция раиси Жамшид Хўжаев, 40 дан ортиқ мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлари ва юқори даражадаги вакиллари ҳамда кузатувчилар форумнинг асосий маърузачилари ҳисобланади.
photo_2020-10-29_11-54-17.jpg

 

ЎзА