Роналдусиз қолган "Ювентус" ўз майдонида "Барселона"га мағлуб бўлди

Европа чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 2-турининг марказий учрашуви «Ювентус» ҳамда «Барселона» жамоалари ўртасида ўтди.
Турин шаҳрида ўтган учрашувда «Барселона» сафарда ўйин ўтказишига қарамасдан 2:0 ҳисобида зафар қучди. Каталонияликларга ғалаба келтирган голларга Усман Дембеле ва Лионель Месси муаллифлик қилди. Шуни таъкидлаш лозимки, баҳс мобайнида «Ювентус» жамоаси ҳужумчиси Альваро Мората томонидан киритилган 3 та голнинг барчаси офсайд туфайли бекор қилинди.
Шу тариқа «Барселона» «G» гуруҳида икки учрашувда 6 очко жамғарган ҳолда пешқадамга айланди. «Ювентус» эса биттадан ғалаба ва мағлубият қайд этиб 3 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. «Ференцварош» ва «Динамо Киев» клублари эса бир очко билан кейинги поғоналардан жой эгаллаган.

 

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА мухбири