Шўманой тумани ҳокими мактабларга 100 млн сўмлик китоб совға қилди

Қорақалпоғистоннинг Шўманой тумани ҳокими Баҳодир Янгибаев туман халқ таълими бўлимига қарашли 33 та мактабга умумий қиймати 100 млн сўмлик китоблар совға қилди.

21 октябрь – Ўзбек тили куни ҳамда Қорақалпоғистон бўйлаб ўтказилаётган “Энг кутубхон мактаб” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда ушбу китоблар мактаб директорларига тантанали равишда топширилди.

Туман ҳокими Б.Янгибаевнинг таъкидлашича, мактабларга китоб совға қилиш анъанавий тарзда давом этмоқда. Ўтган йили 30 млн сўмга китоблар олиб берилган бўлса, шу йилда 70 млн сўм туман бюджетининг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан сотиб олинди.
photo_2020-10-21_18-51-44.jpg

photo_2020-10-21_18-51-47.jpg

Шўманой туманида туркман тилида дарс ўтиладиган 4 та мактабга туркман тилида чоп қилинган янги дарсликлар ва китоблар ҳам совға қилинди. Шунингдек, туман марказида уй шароитида таълим олаётган ўқувчиларнинг ҳолидан ҳам хабар олиниб, ҳоким иштирокида уларга китоблар тўплами ҳадя қилинди.

Мазкур китоблар тўплами “Китоб маркази” – “Китоб дунёси” китоб тармоқ маркази томонидан етказиб берилди.“Китоб маркази” – “Китоб дунёси” китоб тармоқ маркази айни пайтда туманда “Энг кутубхон мактаб” лойиҳаси доирасида китоб ярмаркасини ўтказди. Туман бўйича мазкур ярмаркада мактаб ўқувчилари томонидан 7 мингга яқин китоб сотиб олинди.

photo_2020-10-21_18-51-50.jpg

photo_2020-10-21_18-51-56.jpg

“Энг кутубхон мактаб” лойиҳасига кўра, Қорақалпоғистондаги энг кўп китоб сотиб олган мактабга “Spark” ҳамда энг кўп китоб сотиб олган туманга эса “Nexia-3” автомашинаси совға қилинади.

Шунингдек, лойиҳа якунида “Иқтидорли ўқувчи”, “Энг фаол кутубхоначи”, “Фаол мактаб директори”, “Энг фаол ОАВ ходимлари”га, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси доирасида қайд этилган умумий натижаларга кўра, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган туман халқ таълими бўлимларига қимматбаҳо совғалар тақдим қилинади.

Бундан ташқари, марказ томонидан ҳудуд бўйича олий ўқув юртида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган, аммо моддий ёрдамга муҳтож зукко иккита талабага бир йиллик тўлов шартнома пуллари тўлаб берилади.

 

Е.ҚАНОАТОВ, ЎзА