ЕТТБ собиқ президентига "Дўстлик" ордени тошпирилди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 2012 йил июль ойидан 2020 йил июль ойигача Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти лавозимида фаолият юритиб келган Сума Чакрабартига мамлакатимизнинг «Дўстлик» орденини тошпириш маросими бўлиб ўтди.
Юксак мукофотни ўз эгасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов тақдим этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 9 июль куни имзоланган тегишли Фармонида С.Чакрабартининг Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида «стратегик шерикликни йўлга қўйиш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда»ги хизматлари қайд этилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда С.Чакрабартининг «мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурлари самарадорлигини ошириш, шунингдек, Республикада қулай сармоявий ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш жараёнини фаол қўллаб-қувватлашга” қўшган ҳиссаси ҳам алоҳида таъкидланган.
Таъкидлаш жоиз, жорий йил 1 октябрдан бошлаб С.Чакрабарти Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси вазифасини бажаришга киришди.
Тадбир давомида С.Чакрабарти Ўзбекистон Республикаси Президентига миннатдорлик билдирди: “Икки карра ғурурланаман – биринчидан, бундай юксак мукофот билан тақдирланиш мен учун катта шараф, иккинчидан, мамлакатингизда ислоҳотлар дастурини амалга оширишга Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси сифатида ҳисса қўшишга амалий имконият яратилганидан ниҳоятда хурсандман. Мен Ўзбекистонни янада ривожлантириш ва давлатнинг жаҳон миқёсидаги имижини мустаҳкамлаш учун максимал саъй-ҳаракатларимни ишга солишга тайёрман”.
Учрашув якунида келгуси ҳамкорлик доирасида биргаликда иш олиб бориш истиқболи ва амалга оширилиши лозим бўладиган биринчи навбатдаги вазифалар тўғрисида фикр алмашилди.

 

ЎзА