Қирғизистонда иқтисодий амнистия эълон қилинди

Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи, мамлакат бош вазири Садир Жапаров расмий баёнот билан чиқди.

Ҳукумат матбуот хизматининг хабар беришича, Жапаров мамлакатдаги коррупцияга алоқадор шахсларга ноқонуний йўл билан топилган даромадларини давлат хазинасига топшириш учун 30 кун муҳлат берган.

«Айни пайтда давлат ҳокимиятининг барча бўғинлари олдида жуда катта вазифа турибди. Қирғизистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи ва бош вазир сифатида менга халқимиз номидан катта масъулият юклатилган. Ўзимга берилган ваколатдан келиб чиқиб, иқтисодий амнистиция эълон қиламан. Амнистиядан кўзланган мақсад давлат бюджетини тўлдириш, қўшимча ресурсларни қидириб топиш.

Сўнгги 30 йил давомида энергетика, божхона ва солиқ хизмати, дори-дармон таъминоти, лицензия бериш, конлардан фойдаланиш ва бошқа соҳаларда тизимли коррупция авж олди. Шу муносабат билан жиноий схемалар ташкил этган, оддий халқ ҳисобидан бойлик орттирган, турли компаниялар улушига эгалик қилиб олган собиқ давлат хизматчилари, рейдерлик йўли билан йирик корхоналар акцияларини эгаллаб олган мансабдор шахслар, солиқдан бўйин товлаётган тадбиркорлар, амалдаги қонунчилик бузилишига ёки ноқонуний хатти-ҳаракатларни қонунийлаштиришга алоқадор раҳбарлар, вазирлик ва муассасалар раҳбарлари, божхоначилар ва молиячиларга 30 кун вақт бераман! Қанча маблағ ўзлаштирган бўлсангиз, ҳаммасини давлат хазинасига қайтаришингизни талаб қиламан!” – деган Жапаров.

Хабарда айтилишича, кимки ушбу имкониятдан фойдаланмаса ва иқтисодий амнистияни инкор этса, қонунга мувофиқ энг қаттиқ чора кўрилади.

Жапаровнинг таъкидлашича, иқтисодий амнистия фақат бир марта берилади. Шу сабабли яхшилаб ўйланг ва ушбу имкониятдан фойдаланиб қолинг. Ноқонуний бойлик орттирганлар мулкларини қонунийлаштириши ва солиғини тўлаши лозим.

“Кўрсатилган мулк ва даромадларингиз дахлсизлигини таъминлашга кафолат бераман. Ўз ихтиёрингиз билан мулк ва даромадларингизни ошкор этсангиз барчаси сир тутилади. Бу мамлакат тақдирини менга ишониб топширган халқимизнинг талаби”, – дея Жапаров сўзларини иқтибос келтиради ҳукумат сайти.

 

ЎзА