Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини янада илгари суриш бўйича ташаббусини ўз вақтида ва тўлақонли амалга ошириш юзасидан ишчи гуруҳининг видеоконференция тарзида йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистоннинг Нью-Йорк ва Женева шаҳарлардаги ваколатхоналари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбар ва мутасадди вакиллардан иборат ишчи гуруҳ аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишни ушбу масала юзасидан ишчи гуруҳи раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов олиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини янада илгари суриш бўйича ташаббусини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан 7 та банддан иборат тармоқ жадвали ишлаб чиқилди ҳамда ушбу тармоқ жадвали Конвенция лойиҳасининг миллий ва халқаро майдонда муҳокамасидан бошлаб, резолюцияни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида қабул қилиш масаласини илгари суришгача бўлган жараённи ўз ичига олган.
БМТ Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни ҳақида ҳам гапирилди. Ушбу Конвенция лойиҳасини ишлаб чиқиш учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан бир қатор давлат идоралари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилган.
Ишчи гуруҳ томонидан Конвенциянинг концепцияси ва лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Ушбу Конвенция лойиҳаси, таклифларни олиш мақсадида бир қатор давлат идоралари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларига юборилган. Шу билан бирга, Конвенция лойиҳаси БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига ҳам юборилган. Олинган таклиф ва тавсиялар натижасида Конвенция лойиҳаси маромига етказилган. БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳаси кенг халқаро муҳокамага тақдим этилган.
Ушбу Конвенция лойиҳаси бир қатор нуфузли майдонларда муҳокама қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Хусусан, 2019 йилнинг 7-8-октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси (ИҲМДК), Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари (ИҲБОК) билан ҳамкорликда, йиллик семинарларнинг 6-сонини “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусида муҳокама семинари ташкил этилган.
Экспертлар ва иштирокчилар томонидан тақдим этилган кенг қамровли тақдимотлардан ташқари, семинар иштирокчилари мавжуд халқаро ва минтақавий воситалар ҳамда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш механизмларини таҳлил қилишди. Аъзо давлатлардаги ёшларнинг ўз ҳуқуқларини тўла амалга ошириши учун дуч келадиган асосий муаммолари эътиборга олинди ҳамда тинч, барқарор ва бардавом жамият қуришда ёшларнинг ролини кучайтириш бўйича таклиф қилинган усуллар тўғрисида фикр юритилган.
2020 йил 12-13 август кунлари “Ёшлар 2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзуида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўтказилган.
Йиғилишда сўзга чиққанлар тармоқ жадвалидаги бандларнинг сифатли ва ўз вақтида ижросини таъминлаш учун барча чораларни кўришга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини таъкидладилар.
Шунингдек йиғилишда БМТ, Парламентлараро Иттифоқ, миллий парламентларнинг ёш депутатлари ва Ёшлар парламентлари билан биргаликда Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини муҳокама қилишга пухта тайёгарлик кўриш лозимлиги айтилди. Хусусан, БМТ доирасида Конвенция лойиҳасини илгари суриш бўйича «Дўстлар гуруҳи»ни шакллантириш зарурлиги қайд этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ушбу йиғилиш давомида билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни, тармоқ жадвали ижроси назоратини тегишли мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда олиб боришга келишиб олинди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА