Миллий маданиятимиз ва санъатимиз фидойиси Бахтиёр Сайфуллаев меҳрибон, самимий, оқкўнгил инсон, яхши ташкилотчи, куйинчак устоз эдилар. Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида “Бахтиёр Сайфуллаев. Сўнгги нафасгача” деб номланган ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди.
Фильм тақдимотига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати аъзолари, турли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, ижодкор зиёлилар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев мазкур ҳужжатли фильмнинг яратилиши тарихи, Бахтиёр Сайфуллаевнинг инсоний фазилатлари хусусида батафсил сўзлади.
– Айрим фильмларга ном топиш жуда қийин кечади, – деди Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев. – Лекин ушбу фильмни номлаётганда Бахтиёр аканинг эндигина шаклланиб, то умрининг охирига қадар Ватанимиз, миллий маданиятимиз ва санъатимиз ривожига бахшида умрини кўз олдимизга келтириб, уни “Бахтиёр Сайфуллаев. Сўнгги нафасгача” деб номладик. Шу тадбирдаги иштирокчиларнинг бари Бахтиёр ака билан боғлиқ нурли хотираларни ёдга олиши табиий. Бахтиёр ака устозларига меҳрли ва садоқатли бўлгани сабабли ўзлари ҳам катта эҳтиром топдилар. Улар жуда нурли, ибратли умр кечирдилар. Фильмни яратиш жараёнида режиссёр Муроджон Одилов Москва, Санкт-Петербург, Бишкек каби шаҳарларга бориб, Бахтиёр аканинг дўстлари билан суҳбатлар қурди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековнинг айтишича, унинг ҳаётида Бахтиёр Сайфуллаевнинг ўрни беқиёс бўлган.
– Олий ўқув юртига киришимда Бахтиёр аканинг ҳиссалари катта бўлган, – деди Озодбек Назарбеков. – Ўшанда ижодий имтиҳондан яхши баҳо олган бўлсам-да, тест синовларидан натижа кўнгилдагидек эмас эди. Шунда Бахтиёр ака, «бу институтда сен ўқимасанг, ким ўқийди?!», деб мени ўқишга қабул қилган эдилар. Таълим жараёнида ҳам, маданият вазирлигида иш бошлаганимда ҳам менга катта ишонч билдирган эдилар. Маданият соҳасидаги қонунчиликни, бошқарувда 10 йиллар давомида ўрганишим керак бўлган билимларни қисқа фурсатда ўргандим. Бунда Бахтиёр аканинг хизматлари жуда катта бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров ёшлар, маданият ва спорт масалаларига оид қонунчиликнинг қабул қилинишида Бахтиёр Сайфуллаевнинг ҳиссалари катта бўлганини таъкидлади.
Айтиш керакки, Бахтиёр Сайфуллаев 1951 йил 1 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган эди. Ўрта мактабни тугатгандан сўнг, Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)ни драма театри ва кино актёри мутахассислиги бўйича тамомлади.
Меҳнат фаолиятини 1972 йил Республика ёш томошабинлар театри актёри ва режиссёри сифатида бошлади. Кейинчалик Тошкент давлат маданият институти катта ўқитувчиси, факультет декани ўринбосари, факультет декани вазифаларида меҳнат қилди. Санкт-Петербург давлат маданият институтида номзодлик ишини ҳимоя қилгач, Тошкент давлат маданият институтида педагогик фаолиятини давом эттирди.
Ўз фаолияти давомида Бахтиёр Сайфуллаев республика миқёсида оммавий маданий тадбирларни ташкил этиш бўйича моҳир режиссёр сифатида танилди.
Наврўз, Мустақиллик байрамлари, турли давлат миқёсидаги концертлар, мусиқий тадбирлар, ёш ижодкорлар учун кўплаб кўрик-танловларни ташкил этишда жонбозлик кўрсатди.
Устоз ижодкор 2005-2020 йилларда маданият вазирининг биринчи ўринбосари, маданият вазири каби лавозимларда самарали меҳнат қилди. Профессор Бахтиёр Сайфуллаев 2012-2020 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида, Ўзбекистон давлат консерваториясида ректор сифатида фаолият кўрсатди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонига асосан 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб тайинланди. Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси лавозимидаги фаолияти давомида мамлакатимизда маданият ва ёшлар сиёсатини амалга ошириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришда самарали меҳнат қилди.
Туркий давлатлар ташкилотининг Оқсоқоллар кенгаши аъзоси – Ўзбекистон вакили Бахтиёр Сайфуллаев мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, маданий дипломатияни ривожлантириш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни дунё миқёсида тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшган.
Бахтиёр Сайфуллаевнинг мустақиллигимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, ёшлар истеъдодини кашф этиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги хизматлари юксак қадрланиб, устоз ижодкор “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати” ордени ҳамда “Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби” унвони билан мукофотланди. Шунингдек, ТУРКСОЙ ташкилотининг “Олтин медаль” мукофоти билан тақдирланган эди.
Ҳужжатли картинада таниқли давлат ва жамоат арбоблари, устоз ижодкорлар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, устознинг шогирдлари Бахтиёр Сайфуллаев ҳақидаги ёрқин хотиралари билан ўртоқлашади. Фильмда халқимизнинг фидойи, камтарин бир зиёлисининг чин инсоний фазилатлари, раҳбарлик, ташкилотчилик, устозлик хислатлари, намунали оила бошлиғи, меҳрибон ота сифатидаги қирралари ғоят таъсирчан ва мазмунли очиб берилган.
Кинематография агентлигининг Ҳужжатли ва хроникал фильмлар студиясида суратга олинган ушбу фильм продюсери – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Фирдавс Абдухолиқов. Картина сценарий муаллифи – Азизбек Турдиев. Режиссёр – Муроджон Одилов.
“Бахтиёр Сайфуллаев. Сўнгги нафасгача” деб номланган ҳужжатли фильмнинг тақдимотида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири