БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясидаги ташаббуслар ўз вақтида амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги ташаббуслари ва баёнотлари ўз вақтида ва кенг кўламда амалга оширилишини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”нинг 1 ва 5-бандлари ижросини таъминлаш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Идоралараро ишчи гуруҳ раҳбари Содиқ Сафоев олиб борди.
Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида билдирилган барча ташаббус ва таклифлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш йўлида яна бир муҳим тарихий қадам бўлди. Зеро, чуқур маъно-мазмуни, таҳлилий руҳи, минтақавий ва глобал миқёсдаги энг долзарб муаммоларга конструктив ёндашуви ва аниқ ечим ва таклифларни илгари сургани билан аҳамиятга эга эканини нафақат мамлакатимиз жамоатчилиги, балки халқаро эксперт ва кузатувчилар ҳам эътироф этди.
Яна бир жиҳат. Ушбу нутқнинг илк бор она тилимизда янграгани ўзбек халқининг миллий ғурур ва ифтихор туйғусини янада юксалтирди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу ташаббуслар БМТ доирасида ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро манфаатли ва ишончли алоқаларни изчил давом эттириш ва шерикликни юқори босқичга кўтаришга, қолаверса, Ўзбекистоннинг жаҳондаги мавқеини янада мустаҳкамлаб, унинг халқаро имижининг кескин ошишига хизмат қилиши билан ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида баён этилган барча ташаббуслар ижросини тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида тасдиқланган “Йўл харитаси”га урғу берилди. Бундан ташқари, Идоралараро ишчи гуруҳ иш режасининг лойиҳаси кўриб чиқилди ва қизғин муҳокамадан сўнг тасдиқланди.
Кодекс ва резолюция лойиҳалари, қолаверса, уларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи концепциялар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги ташаббусларини амалга оширишда БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг кўмаги борасида сўз юритилди.
Бу борада олиб борилаётган ишларни аҳолига атрофлича етказиш учун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, “Йўл харитаси”нинг 1 ва 5-банди бўйича амалга оширилиши муҳим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА