Қирғизистон президенти ваколатлари Бош вазирга ўтди

ЎзА аввал хабар қилганидек, бугун пойтахт Бишкек шаҳридаги «Ола-Арча» қароргоҳида Қирғизистон парламентининг навбатдан ташқари мажлиси бошланди.
Йиғилиш кун тартибида “Ата мекен” партияси етакчиси Омурбек Текебаевга депутатлик мандатини қайтариш, Сооронбай Жээнбековнинг истеъфосини қабул қилиш, Президент ваколатларини Парламент спикери ёки Бош вазир зиммасига юклаш масалалари кўриб чиқилди.
Депутатлар дастлаб Сооронбай Жээнбековнинг давлат раҳбари мажбуриятларини ўз зиммасидан соқит қилиш тўғрисидаги аризасини қондиришди ва у мажлис залини тарк этди.
Қирғизистон парламенти спикери Канат Исаев расман Президент лавозими мажбуриятларини бажаришдан бош тортди. «Бу лавозимни эгалламайман. Мен ҳозир бор кучимни парламентда бугунги кунда зарур бўлган қонунларни ўз вақтида қабул қилиниши учун сарфламоқчиман», – деди у.
Шу тариқа президент вазифасини вақтинча Бош вазир Садир Жапаров бажарадиган бўлди.
photo_2020-10-16_12-28-40.jpg
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 15 октябрь куни халққа мурожаат қилиб, истеъфо беришини эълон қилганди. Мамлакат конституциясига мувофиқ, давлат раҳбари истеъфо берган тақдирда унинг лавозим мажбуриятлари ва ваколатлари парламент спикери зиммасига ўтади. Агар спикер ушбу масъулиятни бўйнига олмайдиган бўлса, бундай ҳолатда президент вазифасини вақтинча бажариш республика бош вазири зиммасига юкланади. Кеча Қирғизистон Бош вазири Садир Жапаров ўз тарафдорлари олдида чиқиш қиларкан, Исаев президент мажбуриятларини бажаришни рад этгани, шу сабабли давлат раҳбаринингн барча ваколатлари Вазирлар Маҳкамасига ўтишини билдирганди.
Мамлакатда парламент сайловлари 20 декабрь кунига, Президент сайлови эса 2021 йил 17 январга белгиланди. Бу хабарни ОАВ вакилларига республика МСК раҳбари Нуржан Шайлдабекова маълум қилди.
«Парламент сайловлари 20 декабрь куни бўлиб ўтиши мумкин», – деди у.
«Мамлакат президенти сайлови 2021 йил 17 январга белгиланиши эҳтимоли бор», – қўшимча қилган Шайлдабекова.
Қирғизистон парламенти қарори билан Бишкек шаҳридаги фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Маълумки, 9 октябрь куни пойтахтда юзага келган тартибсизликлар туфайли республика президенти Сооронбай Жээнбеков шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилиш тўғрисидаги фармонга имзо чекканди. Ўшанда парламент мазкур ҳужжатни тасдиқламаган ва ёки рад ҳам этмаганди. Ушбу жараён уч кун давомида рўй бериши лозим эди, шунинг учун ҳам 12 октябрда давлат раҳбари яна бир бор худди шу мазмундаги фармонни чиқариб, имзолади.
Кўзда тутилишича, Соат 22.00 дан 5.00 гача амал қиладиган комендантлик вақти тартиби 19 октябргача сақланиб қолиши лозим эди.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.

 

Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА