Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманида “Ёшлар маркази” биноси фойдаланишга топширилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қайта ташкил этилган Бўзатов туманида ўтган қисқа вақт мобайнида замонавий иншоотлар қад ростлаб, фойдаланишга топширилмоқда. Жумладан, текстил корхонаси, замонавий амфитеатр, футбол майдончаси ва бошқа мана шундай объектлар ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини унумли ўтказишга хизмат қилмоқда.
Буни Президентимиз Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг яқинда бўлиб ўтган навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида сўзлаган нутқида ҳам алоҳида қайд этди. Айниқса, мамлакатимиз йигит-қизларини мазкур ҳудуд ҳаёти билан таништириш мақсадида келгуси йили Қорақалпоғистонда, айнан Бўзатов туманида Ёшлар фестивали ташкил этиш тўғрисидаги таклифи ёшларга катта куч-қувват бағишлади.
Янгидан барпо қилинган муассасада Ахборот-ресурс маркази, инглиз тили, «Ахборот коммуникация технологиялари» каби бир қатор тўгараклар фаолият юритади.
Шу куни Президентимизнинг 2020 йил 30 июндаги фармони асосида янгидан ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Бўзатов тумани раисини тайинлаш мажлиси ҳам бўлиб ўтди. Низаматдин Тўремуратов Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Бўзатов тумани бўлими раиси этиб тайинланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА