Ёшлар иттифоқи ёшлар учун 20 минг янги иш ўрни яратишни ваъда берган эди. Ташкилот буни уддалай олдими?

Жорий йил бошида Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев мазкур йилда ёшлар учун 15 минг, 20 минг янги иш ўрни яратиш режалаштирилгани ҳақида гапирган эди.

А. Саъдуллаев Президентнинг парламентга мурожаати юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, «Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизи ёшлардан ташкил топадиган бўлса, шунча ёш билан битта ташкилот ишлай олмайди. 2020 йилда олдимизга қўйган мақсад аввалгилардан фарқли ўлароқ, барча ташкилотларга ёшлар билан ишлаш усулларининг намуналарини кўрсатмоқчимиз. Шу йил ёшлар учун 15 минг, 20 минг янги иш ўрнини яратишни режа қилганмиз», дея ваъда берган.ЎзА мухбири иттифоқнинг матбуот билан ишлаш бўлимига мурожаат қилиб ушбу ваъда қанчалар амалга ошгани билан қизиқди.

Ёшлар иттифоқи маълумотига кўра, 2020 йил давомида ёш тадбиркорларнинг 2 267 та лойиҳаларига 461 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган бўлиб, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 1 303 та лойиҳага 298,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали 9 111 нафар янги иш ўрни яратилишига эришилган.

Келгусида эса, 964 та лойиҳага 162,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали 4 638 нафар янги иш ўрни яратилиши режалаштирилмоқда.

Шу қайд этиш ўринлики, ёшларга имтиёзли кредит бериш орқали уларни тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этиш масалалари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаш қошидаги “Ёшлар – келажагимиз” жамғармасининг устувор вазифаларидан бири саналади.

 

Анора Содиқова, ЎзА