Янги Ўзбекистон – янги глобал ташаббуслар

Ўзбекистон дунё нигоҳида 

Собиқ иттифоқ таркибида бўлган ва мустақилликка эришган ҳар бир давлат учун сиёсий тарих сабоқлари ўзига хос аҳамият касб этади. Марказий Осиё давлатларининг ҳар бири суверен, мустақил давлатларни барпо этишнинг асосий, стратегик вазифаларини муваффақиятли ҳал қилишга интилиб, яхши қўшничилик ва тинч-тотув яшаш ғояларини байроқ қилганча, ўзининг синов ва ижодий ўзгариш йўлларини босиб ўтмоқда.

Ўзбекистон муваффақиятли эволюцион тараққиётнинг ёрқин мисоли бўлиб, бу ерда сиёсий ва иқтисодий модернизациялаш борасидаги олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар демократик ўзгаришларни қайтариб бўлмас ҳолга олиб келган янги мамлакат барпо этишга имкон берди. Ушбу характердаги эволюция жараёни осон эмас, собиқ иттифоқ таркибида бўлган давлатлар учун бу иш икки баравар мураккаб саналади.

Давлат қурилиши соҳасидаги муваффақиятли, яратувчанлик ишларнинг сири, умуман олганда, мамлакатни барпо этиш ишига онгли ёндашиш, ўз стратегиясини амалга ошириш ишига босқичма-босқич ёндаша олишдир. Жаҳон тенденцияларини синчковлик билан кузатиб борадиган Ўзбекистон ўз халқи ҳаёти тажрибасидан келиб чиққан, чуқур тарихий анъаналардан фойдаланган ҳолда давлат ва жамият ривожланишини ўзининг суверенитет ғояларига мувофиқ равишда белгилаб олган.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида жадид аждодларнинг “Ҳақ берилмас, ҳақ олинур!” жумласини такрорлади. Айнан шу нутқда Ўзбекистон раҳбари шундай таъкидлади:

“Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир.

Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.

Истиқлол йилларида босиб ўтган шонли йўлимизга назар ташлаб, эртанги кунимизга, ўз куч ва имкониятларимизга бўлган ишончимиз янада ортмоқда. Мамлакатимизни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ барча соҳа ва тармоқларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз бу борада ҳал қилувчи омил бўлмоқда.

“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган даъваткор ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Биз айни шу асосда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамларни қўймоқдамиз.

Кенг жамоатчилик, эл-юртимиз барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланмоқда. Мамлакатимиз фуқаролари қаерда бўлмасин, давлат ҳимоясида эканини, қонун ва адолат кучини ҳис этиб яшамоқда.

Бугун бир ҳақиқатни қатъий ишонч билан айтиш мумкин: дунёда турли хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган ҳозирги таҳликали вазиятда Ўзбекистонда шаклланган янги тизим ўзини тўла оқламоқда”.

Куни кеча БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси вакили сифатида жаноб Шавкат Мирзиёев ўз мамлакати томонидан дунё ҳамжамиятига бир қатор ташаббус ва баёнотларни тақдим этди.

Улар қаторида қуйидагиларни таъкидлаш муҳим:
Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш; Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақириш; БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш; Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш; Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш; Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш кунини нишонлаш; БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш; Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал антитеррор стратегияси доирасидаги қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш; 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзуида халқаро форум ўтказиш; Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш; Бош котиб Антониу Гутерриш жанобларининг 2021 йилда бугунги инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклифини маъқуллаш; халқаро ҳамжамиятнинг пандемияга қарши самарали курашиш бўйича барча ҳаракатларини, жумладан, зарур дори-дармон ҳамда вакциналар ишлаб чиқиш ва улардан кенг фойдаланишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш.
Таклиф этилаётган ҳар бир ташаббус чуқур англанганлигини тушунган ҳолда, барча ўзбек ташаббуслари ва баёнотлари нафақат давлатнинг ички ҳаёти билан боғлиқлигини, балки уларнинг дунё учун, шу жумладан, бутун Марказий Осиё минтақаси учун аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда юқорида баён қилинган ташаббуслардан иккитасини батафсил кўриб чиқайлик.

БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси мавзуси Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида айтиб ўтилган эди. Ўзбекистон бу ўтган вақт мобайнида мазкур йўналишда катта ишларни амалга оширди. Мамлакатнинг БМТ билан ҳамкорлиги бўйича “йўл харитаси” доирасида алоҳида режа ишлаб чиқилди. Бу йил Самарқандда “Ёшлар 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари” мавзуида инсон ҳуқуқлари бўйича нуфузли форум ўтказилди. Шу ерда Ёшлар ҳуқуқлари борасидаги конвенция лойиҳаси муҳокама қилинди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мамлакатнинг ушбу йўналишдаги муаммони олиб чиқиши бежиз эмаслигини тасдиқлади. Мамлакатда ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китохонликни тарғиб қилиш ва аёллар бандлигини таъминлаш каби вазифалари ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда. Вазифалари ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларнинг замонавий касб ва кўникмаларни, рақамли иқтисодиётни пухта эгаллашлари учун қўшимча шароитлар яратиш ва уларни иш билан таъминлаш жараёнларига кўмаклашиш саналган Ёшлар билан ишлаш агентлиги ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури амалга оширилмоқда. 2017 йилдан бошлаб Бутунжаҳон Ўзбекистон ёшлари ассоциацияси фаолият юритиб келмоқда. Уюшманинг асосий мақсади чет элда ўқиётган ва ишлаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишдир. Бугунги кунда Бутунжаҳон Ўзбекистон ёшлари ассоциациясининг 13 мамлакатда аъзолари бор.Бугунги дунёда омон қолиш масаласи пандемия синовига қандай қарши туришимиз билан бевосита боғлиқ. Ўзбекистон пандемия пайтида зудлик билан халқаро ихтиёрий мажбуриятларнинг халқаро кодексини ишлаб чиқишни ва уни тарғиб қилишни бошлашни таклиф этмоқда. Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котибининг “Гап дунёнинг бирон бир мамлакати, бир минтақаси ёки бир қисмини эмлаш ҳақида эмас, балки ҳар ким қаерда бўлишидан қатъи назар, арзон, хавфсиз ва ишончли дориларга эга бўлиш ҳақида бормоқда” деган жумласини англашга даъват этди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Шавкат Мирзиёев шундай дея таъкидлади:
«…Бу балога қарши курашиш бўйича сўнгги олти ой давомида мисли кўрилмаган ишларни амалга оширдик. Жумладан, кўплаб янги шифохоналар ва карантин зоналари ишга туширилди. Катта миқдорда қўшимча тиббиёт ускуналари ва тез ёрдам машиналари харид қилинди. Энг илғор хорижий амалиёт ва ўзимизда тўпланган тажриба асосида даволаш усуллари такомиллаштириб борилмоқда. Коронавирусга қарши курашда туну кун метин ирода билан фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш доимий эътиборимизда турибди. Бундай чора-тадбирларимиз натижасида минглаб беморлар шифо топиб, оиласи бағрига қайтмоқда.
Чет давлатларга меҳнат қилиш ва ўқишга кетиб, пандемия туфайли қийналиб қолган юртдошларимизни ўз уйларига қайтариш, тегишли ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширган катта ишларимиз давом эттирилмоқда”.
Фақатгина вакцина муаммони тўла ҳал қила олмаслигига, дунёнинг барча мамлакатлари глобал бирдамликка муҳтожлигига Ўзбекистон тўлиқ амин. Ва Марказий Осиёнинг мазкур давлатида ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар инқирознинг олдини олиш учун барча имкониятлар яратилмоқда. Бу ерда “Саломатлик – ҳашам воситаси эмас, балки инсоннинг зарурий ҳуқуқи” (ЖССТ бошлиғи Т.Гебрейесуснинг гапи) эканлигини барча англайди. Ҳозирги замонавий савдо муносабатлари шароитида глобал инқирозни енгишнинг миллий ечими бўлмаганидек, “миллий иқтисодиётни глобал иқтисодий фалокатга қарши эмлаш мумкин эмас”, тушунчаси ҳам мавжуд эмас.
Айтиш жоизки, бугунги кунда энг муҳим масалалардан бири кам таъминланган давлатлар пандемиядан тезда қандай қутулишидир. Мутахассисларнинг фикрига кўра, агар коронавирусга қарши вакцинани кейинги 18 ой ичида дунё бўйлаб муваффақиятли тарқатиш имкони бўлса, бир ёки икки йил ичида инқирозгача бўлган даражага қайтиш кутилмоқда.
Ҳамма мамлакатларнинг имкониятларини, барча тегишли соҳаларнинг инновацион ва тажрибали олимларини ҳамкорлик руҳида бирлаштириш бошланган ташаббусларнинг бир-бирини тўлдиришини максимал даражага кўтаради ва дунёга жуда зарур бўлган коронавирус препаратлари ҳамда вакциналарини ишлаб чиқаришни тезлаштиради.
Шу сабабли, Ўзбекистон халқаро ҳамкорлик ва коронавирусга қарши зарур дори воситалари ва вакциналарни яратиш натижаларидан барча бирдек фойдаланиши учун бўлган барча ташаббусларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайди.
Нуфузли жаҳон форумида кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Президенти томонидан таклиф қилинган экологик ташаббуслар орасида, аввало, Марказий Осиё минтақаси ҳаёти билан боғлиқ бир қатор бошқа масалалар ҳам мавжуд. Ўзбекистон Республикаси кўплаб муаммоларни муваффақиятли ҳал этишга интилаётган суверен давлат моделини изчиллик билан барпо этмоқда.

Алесь КАРЛЮКЕВИЧ,
беларусь адиби.
(Беларусда чоп этиладиган “Звязда” газетасининг 29 сентябрдаги сонидан олинди).

 

ЎзА