Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг рамзи ўзгарди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ташкилотнинг янги рамзи тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон халқ шоири, уюшма раиси Сирожиддин Саййид янги рамзни кенг жамоатчиликка эълон қилди.Уюшманинг янги рамзи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 15 сентябрдаги 125-буйруғи билан қайта рўйхатдан ўтказилди. Ушбу рамз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаоллар кенгашининг 2020 йил 28 августдаги йиғилишида муҳокама қилинган ва тасдиқланган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги рамзи очиқ китоб шаклида бўлиб, китобнинг ўртасида қуёшнинг нур сочиб турган кўриниши, шунингдек, адибларнинг асосий иш қуролидан бири бўлган қалам (перо) тасвирланган. Китобнинг варақлари сиёҳ рангида. Рамзда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси логотипи ўзбек тилида, лотин ҳарфларига асосланган ўзбек алифбосида ёзилган.

photo_2020-10-07_11-07-51.jpg

» O‘ZBEKISTON YOZUVCHILAR UYUSHMASI” нисбатан каттароқ ҳарфларда, шунингдек, нисбатан кичикроқ ҳарфларда инглиз тилида “UNION OF WRITERS OF UZBEKISTAN” таржимаси берилган. Рамзнинг икки ён ва пастки қисмида кўк рангли лентасимон безак ўтган. Рамзнинг энг четидан эса унинг умумий кўриниши, яхлитлигини таъминлаш учун сариқ чизиқ тортилган.

Рамзнинг ёзув-ўқув тахтаси устида очиқ дафтар-китоб, қаламнинг қуёш қуршовида берилиши – мумтоз адабиётимиздан бугунгача ижодкорларнинг, адибларнинг халқимизга, умуман инсониятга зиё, маърифат таратишига ишорадир.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси рамзи амалдаги қонун-қоидалар асосида ишлаб чиқилган. У уюшманинг уставида кўзда тутилган ижодий фаолиятнинг асосий ғояларини ўзида акс эттиради.

Рамз уюшманинг муҳри ва расмий иш қоғозлари(бланка)да акс этади, деди сўзга чиққанлар.

Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси рамзи ва муҳри уюшманинг юридик шахс сифатида унинг бошқа давлат ва хўжалик ташкилотлари, юридик ва жисмоний шахслар, банк муносабатларида, барча турдаги шартномаларда, гувоҳномаларда, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан расмий алоқаларда ва бошқа расмий ҳужжатли муносабатларда ишлатилади.

 

Д. Маматова, ЎзА