“Biznesga maslahat” портали иш бошлади

Тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак беришга мўлжалланган “Biznesga maslahat” интерфаол ахборот портали тест режимида иш бошлади.

“Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталининг ижобий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур янги ахборот портали тадбиркорлар учун бир қатор қулайликлар яратиб беради.

Биринчидан, тадбиркорлар ўз фаолияти давомида дуч келадиган масалаларни халқчил ва амалиётга боғланган ҳолда тушунтиришга қаратилган мингга яқин ҳуқуқий маълумотлар порталга жойлаштирилган.

Хусусан, ҳуқуқий маълумотларда тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиш тартиби, ер олиш, меҳнат муносабатлари, инфратузилмаларга уланиш, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари, банк, солиқ ва божхона қонунчилигига оид нормалар акс эттирилган.

Шунингдек, порталга жойлаштирилган маълумотлар юзасидан 20 дан ортиқ вазирлик, идоралар ва жамоат ташкилотларининг таклифлари олинган.

Иккинчидан, порталда ҳуқуқий маълумотларни жойлаштириш билан чекланмасдан, тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг намунавий шакллари ҳам берилган.

Масалан, банкларга тақдим этиладиган тўлов ҳужжатлари, ходимларни ишга қабул қилиш бўйича меҳнат шартномасининг ва бошқа шу каби ҳужжатларнинг намуналари эркин фойдаланиш учун жойлаштирилган.

Учинчидан, портал орқали тадбиркорларнинг онлайн мурожаатлари қабул қилинади ва уларнинг мавжуд ҳуқуқий муаммолари юзасидан қисқа муддатда маслаҳатлар берилади.

Ушбу вазифани амалга ошириш учун портални юритишга масъул бўлган турли соҳаларда малака ва иш тажрибасига эга бўлган 20 нафар эксперт жалб этилади.

Тўртинчидан, портални юритишга масъул қилиб белгиланиши режалаштирилаётган идора ўз фаолиятини доимий асосда олиб боради. Бу ҳақида тегишли ҳужжат лойиҳаси ҳозирги кунда тайёрланмоқда.

“Biznesga maslahat” ахборот портали билан b-advice.uz манзили орқали танишишингиз мумкин.

 

Муаттар Рўзибоева, ЎзА