Онлайн
Мутахассисларнинг фикрига кўра, коронавирус инфекцияси қандли диабет билан касалланганлар орасида оғир кечмоқда.
Онкологик беморларда ҳам иммун тизими заиф бўлагани боис, касаллик билан курашиш қийин кечади.
– Онкологик касаллик билан касалланган шахс ва у билан истиқомат қилувчи оила аъзолари коронавирус инфекцияси юқишининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар, яъни қўл ювиш, ниқоб тақиш ва жамоат жойларига боришдан ўзини тийиш каби қоидаларига тўлиқ риоя этиши керак, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков. – Бундай беморлар ушбу касалликдан даволанаётган бўлса ёки олдинроқ даволанган бўлса, шифокор билан маслаҳатлашиб иш тутиши мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, коронавирус инфекциясини юқтирган бемор шифохонадан даволаниб чиққанидан кейин ҳам кимгадир касалликни юқтириши – касаллик клиник белгилари тўлиқ йўқолган бўлсада, ташқарига вирусни чиқаришни давом эттириши мумкин экан.
Шунинг учун ҳам касалликдан фориғ бўлган шахслар яна икки хафта мобайнида кузатувда бўлиши ва атрофдагиларга касаллик юқиб қолишининг олдини олишга қаратилган талабларга риоя этишлари шарт.
Моҳигул Қосимова, ЎзА