Бугун 7 500 нафардан ортиқ филология йўналишидаги фан ўқитувчилари малака (тест) синовларида қатнашади

Жорий йилнинг 5–10 октябрь кунлари Таълим инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида республикамизнинг 12 та (Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ташқари) ҳудудида умумтаълим мактабларидаги иккинчи малака тоифасига талабгор ўқитувчилари учун малака (тест) синовлари ўтказилмоқда.
Барча шарт-шароитлар яратилган, замонавий ахборот коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозланган хоналарда ташкиллаштирилаётган синовларда 44 минг нафардан ортиқ ўқитувчи қатнашиши кутилмоқда. Жараёнларни ташкил этишда санитария-эпидимиология қоидаларига амал қилиниши қатъий назорат қилинмоқда.
Хусусан, бугун, 6 октябрь куни она тили ва адабиёт, ўзбек тили, рус тили, рус тили ва адабиёти, қозоқ тили ва адабиёти, тожик тили ва адабиёти, туркман тили ва адабиёти, қирғиз тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили, қорақалпоқ тили ва адабиёти фанларидан бўлиб ўтадиган синовларда 7500 нафардан ортиқ педагог иштирок этади.
Маълумот учун, эртага физика, кимё, география, биология ва иқтисодий билим асослари фани ўқитувчилари билимларини синовдан ўтказишади.
photo_2020-10-05_09-55-59.jpg
photo_2020-10-06_11-30-23.jpg

 

ЎзА