Юртимизда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун божхона соҳасида кўплаб қулайликлар яратилган.
Хусусан, соҳада жорий этилган “рақамли божхона” доирасидаги “хавфни бошқариш” тизими имкониятлари ёрдамида экспорт-импортга расмийлаштирилаётган юклар “яшил” ва “сариқ” йўлаклар орқали соддалаштирилган тартибда тезкорлик билан расмийлаштирилмоқда.
Аммо ҳамон ноқонуний фаолият юритаётган тадбиркорлар учраб турибди. Шу боис “яширин иқтисодиёт”га барҳам бериш мақсадида божхона органларининг таркибий тузилмалари томонидан тезкор қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи бир нечта масъулияти чекланган жамиятларнинг расмий ва норасмий раҳбарлари, уларнинг ноқонуний фаолиятида иштирок этувчи фуқаролар кузатувга олинган.
Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматидан маълум қилишларича, тезкор кузатувлар давомида бирламчи шубҳалар ўз тасдиғини топган.
Куни кеча Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага карши курашиш ва божхона аудити ҳамда Коррупцияга карши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлимлари томонидан “Чуқурсой” божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Давлат бюджетига божхона тўловларини тўламаслик мақсадида йирик миқдордаги импорт товарларни паст ставкали товарларга алмаштириш билан шуғулланиб келган, пухта ўйланган жиноий схемага асосланган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.
Маълум бўлишича, олдиндан тузилган режага кўра ташкилот номига хориждан импорт қилинган юқори ставкали генератор, сув пуркагич, чангютгич, кирювгич каби қимматбаҳо хўжалик ускуналари ва қурилиш анжомлари “вақтинча сақлаш” божхона режимига расмийлаштирилиб, ўз омборида юқоридаги товарлар ўрнига жиноий гуруҳ аъзолари томонидан сохта йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган қулф, электрод, токқайчи ва арра каби 16 турдаги товарга алмаштирилаётган вақтда тўхтатиб қолинди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йўл-юк ҳужжатларида кўрсатилмаган ва ашёвий далил сифатида олинган 31 турдаги 4 минг 214 дона товарлнинг умумий қиймати 5 миллиард сўмни ташкил этиши маълум бўлди.
Жиноий гуруҳнинг ғаразли мақсадлари амалга ошганида давлатимиз ғазнасига бор-йўғи 1 миллиард сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилар, 4,5 миллиард сўмликдан ортиқ зарар етказилар эди.
Мазкур аниқланган қонунбузарлик ҳолати юзасидан ҳозирда божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Корхонанинг ташқи иқтисодий фаолияти эса божхона аудитидан ўтказилади.