Музей − тарих кўзгуси

Музейлар тарихга доир билим чашмаси, ибрат намунаси сифатида янги авлодларга асрлар оша хизмат қилади.
Ҳар бир халқнинг ўз мунавварлари, фидойи ўғил-қизлари бўлади. Улар бутун умрини, истеъдодини эл-юрт тинчлиги, халқ ҳаётининг фаровонлиги, ҳақиқат ва адолат тантанаси учун бахш этади. Буюк сўз санъаткорларининг илмий ва маънавий мероси асрлар оша айни шу мақсадларга хизмат қилади.
Сўз мулкининг султони Алишер Навоийдан то бугунги кунларгача халқимиз орасидан етишиб чиққан шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ҳам ўзларининг ноёб истеъдодларини миллат, Ватан, эл-юрт манфаатларига бағишлади. Шу боис халқимиз адабиётни улуғ бир даргоҳ деб билади. Ижод аҳлига чексиз ҳурмат билан қарайди.
photo_2020-10-05_17-04-30.jpg
Бугунги кунда маънавиятимиз, миллий тафаккуримизнинг ажралмас қисми бўлган она тилимизни ривожлантириш, бой тарихимиз, қадимий урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, комил инсонларни вояга етказиш каби масъулиятли вазифалар, жумладан, янги Ўзбекистоннинг буюк тарихини яратиш, давлатимизнинг иқтисодий-маънавий қудратини янада мустаҳкамлаш шу боисдан ҳам адабиётимизнинг зиммасига юкланган.
Заҳматкаш зиёлиларимиз ўтиш даврининг қийинчиликларига қарамай маънавий бурчларига содиқ қолиб, миллий ўзлигимизни англаш, тарихий адолатни тиклаш борасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Уларнинг янги асарлари, тарғибот-ташвиқот ишларидаги фаоллиги муҳтарам Президентимиз томонидан муносиб баҳоланиб келинмоқда. Қалам соҳиблари мамлакатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлмоқда. Кейинги йилларда адабиётимизга шахдам кириб келаётган ёш ижодкорларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси узоқ йиллар давомида ғоят мураккаб йўлни босиб ўтди. Янгиликка интилиш, халқни илмли, зиёли кўриш ниятида қилган ҳаракатлари аёвссиз қатағонларга сабаб бўлди. Кўплаб ижодкорлар – халқимизнинг покиза қалбли зиёлилари “халқ душмани” деган сохта айблов билан қамоқхоналарга ташланди, оиласидан, фарзандларидан ажратилди. Аммо бу таҳқирлар ҳам ижодкорларнинг қаламини қўлидан туширмади. Аксинча, маҳкумлар қалбида адолат тантанасига, ёруғ кунлар келишига ишончни мустаҳкамлади.
Бугунги ёш ижодкорлар буларни билиши керак, албатта. Ўзбекистон Ёзувчилари тарихи музейини ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳам шу эди.
Тарихга назар солсак, маърифатли ҳукмдорлар ўз саройларида адабий муҳит яратиб, истеъдодли шоир ва ёзувчиларни рағбатлантирган. Шундай муҳит Маҳмуд Ғазнавий, Ҳусайн Бойқаро, Амир Умархон, Феруз каби хон ва амирлар саройида бўлган. Бундан ташқари, бадиий сўз соҳиблари иштирокида шеърият мухлислари учун ҳофизхонлик, бедилхонлик, навоийхонлик, машрабхонлик кечалари ўтказилган. Устоз ва шогирд анъаналари йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейи уюшманинг XX асрнинг 30-йилларидан то шу вақтгача босиб ўтган йўлини, у даврда ўзбек адабиёти эришган ютуқлар ва йўл қўйган камчиликларини намойиш этиш билан бирга, ҳозирги ўзбек адабиётининг ривожланишига, унинг бунёдкор, меҳнаткаш халқ билан алоқасини мустаҳкамлашга, устоз шоир ва адибларга хос энг яхши анъаналарнинг давом эттирилиши ва равнақ топишига ёрдам берувчи, халқда, айниқса, ёшларда китобга, адабиётга, маърифатга катта меҳр ва муҳаббат уйғотувчи маданий-маърифий марказ вазифасини бажаради.
Музейда 1910-1930, 1940-1960, 1970-1990-йилларда ва мустақиллик даврида миллий адабиётга хизмат қилган ижодкорларнинг фотосуратлари, буюк маърифатпарварлар Ғулом Зафарий, Исҳоқхон Тўра Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Садриддин Айний ва Ҳамза каби адиблар, Ёзувчилар уюшмасига Раҳмат Мажидий, Қурбон Берегин, Холмат Қурбонов, Ойбек, Уйғун, Абдулла Қаҳҳор, Комил Яшин, Шароф Рашидов, Сарвар Азимов, Одил Ёқубов, Жамол Камол, Абдулла Орипов, Муҳаммад Али раҳбарлик қилган даврга оид маълумотлар билан танишиш мумкин.
Алоҳида стендга Ёзувчилар уюшмасининг дастлабки йиллари тўғрисидаги ҳужжат ва маълумотлар, ўзбек адабиётини ривожлантириш, ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада кучайтириш ҳамда фаол ижодкорларни мукофотлаш тўғрисидаги Фармон ва қарорлар жойлаштирилган.
Ўзбек адиблари турли миллат вакиллари билан ўзаро адабий, маънавий алоқаларга ҳамиша алоҳида эътибор берган. Бу мавзудаги фотосуратларни “Адабий дўстлик − абадий дўстлик” бурчагида кўриш мумкин.
Музейда ўзбек рассомларининг таниқли адибларимиз асарлари асосида ишлаган суратлари ҳам мавжуд бўлиб, улар томошабинларда катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.
photo_2020-10-05_17-04-33.jpg
Мунира РАМАЗОНОВА

 

ЎзА