Интернет тармоғида тўйдаги меҳмонлардан бири осмонга қарата тўппончадан ўқ узаётгани акс этган видео тарқамоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ томонидан мазкур видео ўрганилиб, ўқ узган кишининг шахси аниқланди.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабарига кўра, ўқ узган киши – Тошкент вилоятилик 25 ёшли У.Салихов эканлиги маълум бўлди. Унинг сўзларига қараганда, у қариндоши бўлмиш куёвга тўй куни куёв-жўралик қилган. 19 сентябрь куни куёв ва унинг дўстлари Чилонзор туманига, келиннинг уйига келишганида У.Салихов кейинчалик “қизиқарли ролик” тайёрлаш учун бозордан сотиб олган ўйинчоқ тўппончани осмонга кўтарган. Шу лаҳзалар видеооператорлар томонидан тасвирга туширилган.
4 октябрь куни кечқурун Улуғбекнинг ўзи видеони монтаж қилиб, ўқ узиш товушларини қўшган ва видеони инстаграм ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жойлаган. Кейинчалик мазкур видеони интернетда тарқатган.
ЎзА