ОТБ билан ҳамкорликда мактаб тизимида замонавий таълим технологиялари жорий этилади

Осиё тараққиёт банки томонидан Халқ таълими вазирлиги, шунингдек, бошқа вазирлик ва идоралар вакиллари билан видео-учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Республика давлат умумтаълим мактабларида таълим технологияларининг ҳолати ва таълим жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш муҳокама этилди.Мутахасисслар томонидан Ўзбекистон Республикасида айни вақтда таълим технологияларини жорий этиш ўрта даражада бўлиб, виртуал ва кенгайтирилган реаллик каби янги технологияларни ривожлантириш ҳамда жорий этиш учун имконият мавжудлиги қайд этилди.

Халқ таълими вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки қўшма лойиҳаси доирасида давлат умумтаълим мактабларининг таълим технологияларини жорий этишга тайёрлигини таҳлил қилиш, камчиликларни аниқлаш ва EdTech ечимларидан фойдаланишнинг энг самарали режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, таълим технологияларини халқ таълими соҳасининг умумий режасига интеграция қилиш режалаштирилган.

Видео-учрашув натижасида томонлар халқ таълими соҳасига таълим технологияларини жорий этишда давомий ҳамкорликни олиб боришга келишдилар.

 

ЎзА