Жорий йилги «АрМИ–2020» ўйинларида юқори кўрсаткичларни қайд этиб келган юрт ўғлонлари юксак эҳтиром ила қарши олиниб, жойларда муносиб рағбатлантириляпти.
Ана шундай тадбирлардан бири Нукус гарнизонида ўтказилиб, унда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ҳарбий хизматни ўтаётган 18 нафар «АрМИ – 2020» ўйинлари совриндорлари шарафланди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмат ЎзАга хабар берди.
Тантанали маросимда ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов мамлакатимиз Қуролли кучлари қудратини дунёга таратиб, етакчи хорижий мамлакат армияларининг энг кучли мутахассисларига муносиб рақобат кўрсатиб келаётган йигитларни қутлади. Юксак марралар замирида машаққатли меҳнат ва энг асосийси, юртга садоқат туйғуси борлигини таъкидлади.
Жорий йилнинг 23 августидан 5 сентябригача давом этган «АрМИ – 2020» Халқаро армия ўйинларида 30 дан ортиқ давлатнинг 156 жамоаси қаторида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 16 йўналишда фаол иштирок этди.
Ҳамюртларимиз жами 16 йўналишда – 3 та биринчи, 8 та иккинчи ва 3 та учинчи ўринни эгаллаб, умумжамоа ҳисобида 3-ўринни қайд этди. Қатор йўналишларда рекорд натижаларни ҳам қайд этди.
Таъкидлаш жоизки, «АрМИ – 2020» ўйинларининг «Отлиқ марафон» танловининг дастлабки тайёргарлик жараёнлари айнан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ базасида ўтказилган эди.
Нукус ва Урганч гарнизонларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар «АрМИ – 2020» мусобақаларининг 7 та йўналишда қатнашиб, Ўзбекистон терма жамоаларининг муваффақиятли иштироки учун муносиб ҳисса қўшишди.
Тадбир давомида Халқаро армия ўйинлари иштирокчилари ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.