Меҳнат миграцияси: муаммолар ечим топмоқда

Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2017 йил 5 апрелдаги «Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида»ги битимни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Унда Россия ҳудудида вақтинча ишлаш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш, уларни жўнаб кетишдан олдин касб ва тилга ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Хабарингиз бор, сентябрь ойида Россия ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор масалалар юзасидан музокаралар ўтказиш ва аниқ келишувларга эришилган эди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат делегация аъзолари бу борада кўплаб учрашувлар ўтказди.

photo_2020-10-02_18-57-31.jpg

Ташриф давомида делегация аъзолари Россиянинг қатор ҳудудларида бўлиб, икки давлат ўртасида меҳнат миграцияси соҳасини яна ривожлантириш, пандемия шароитида Ўзбекистон фуқароларини Россия ташкиллаштирилган ҳолда ишга жўнатиш ҳамда ушбу мамлакатда бўлиб турган фуқароларимизнинг меҳнат ва бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, касб ва тил ўргатиш юзасидан келишувларга эришган эди.

Йиғилишда Татаристон Республикаси, Москва, Санкт-Петербург, Ленинград, Новосибирск ва Свердловск вилоятлари ижро этувчи ҳокимияти органлари иштирокида Россия ҳудудида вақтинча меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига касб-ҳунар ва рус тилини ўргатиш масалалари бўйича Ўзбекистон кўмак бериш борасидаги делегацияси билан маслаҳатлашув натижалари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 21-йиғилишининг якуний баённомаси лойиҳасига киритиш бўйича таклифларни мувофиқлаштириш, «World Skills Russia» йўналиши бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш каби мавзулар муҳокама қилинди.

 

ЎзА