Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани, чекка ҳудудларда ҳам замонавий спорт мажмуалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фойдаланишга топширилаётгани навқирон авлод орасидан иқтидорли спортчилар етишиб чиқишида муҳим омил бўлмоқда.
Бу каби имкониятлардан унумли фойдаланиб, доимо юрт шарафини кўкларга кўтаришни ўз олдига мақсад қилган ёш спортчиларимиздан бири Муҳаммадамин Алиевдир.
Муҳаммадамин 2006 йил Қўқон шаҳрида таваллуд топган. Оиладаги муҳит унда болалигидан спортга қизиқиш уйғотди. Фарзандининг спортга бўлган иштиёқини кўрган Қаҳрамон ака Муҳаммадаминни 4 ёшида спортнинг таэквондо (WT) тури билан шуғулантириш мақсадида мураббий Собир Назаралиевга олиб борди.
– Муҳаммадамин машғулотлар давомида берилган барча юкламаларни қунт билан ўрганиб, уларни бехато бажаришга интилар эди, – дейди мураббий С.Назаралиев. – Спорт билан шуғулланишни анча ёш бошлагани боис хато ва камчиликлари кўп эди. Бироз вақт ўтиб у ўзининг хатоларини тўғирлади, тажрибаси ошди. Ҳамон эсимда, шогирдим машғулотларга ҳаммадан олдин келар ва энг охири кетар эди. Бир машқни мукаммал тарзда бажармагунича янгисига ўтмасди. Бу саъй-ҳаракатлар уни юксак марралар сари етаклашига ишончим комил эди.
Шаҳар, вилоят ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда маҳорат оширган таэквондочимиз 2019 йил Тошкентда ўтган Жаҳон чемпионатида бронза медали соҳибига айланди. 13 ёшли Муҳаммадамин дунё биринчилигида мамлакатимиз шарафини 33 килограмм вазн тоифасида ҳимоя қилди. У ушбу мусобақанинг 1/16 финалида британиялик Оуэн Блантни 23:2, нимчорак финалда филиппинлик Хулио Мигель Сапатани 23:3, чорак финалда швециялик Адеми Блеронни 17:5 ҳисобида мағлубиятга учратди. Афсуски, ярим финал жангида украиналик Максим Маненковга имкониятни бой бериб, бронза медалига эга чиқди.
– Мусобақаларда ғалаба қозонишимда мураббийларимнинг маслаҳати ва қўллаб-қувватлаши, ота-онамнинг менга бўлган ишончи асосий омил бўлади. Тўғри, ўтган йилги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга кирита олмаганим учун ҳамон афсусланаман. Бироқ спортда мағлубият ва ғалаба доимо ёнма-ён туради. Ҳозирда, машғулотларга зўр бермоқдаман. Орзуим катталар ўртасида Олимпиада ўйинлари ва Жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш ва албатта юртимизга мазкур мусобақаларнинг олтин медалини олиб келишдир. Бу учун бор кучим ва маҳоратимни ишга соламан, – дейди М.Алиев.
Бугун, кўзларида ғалаба иштиёқи, қалбида Ватанни шарафлашдек улкан мақсад билан камол топаётган Муҳаммадамин ўз маҳоратини муттасил ошириб бориш учун машғулотларга зўр бермоқда. Ишонамизки, у келгусида Осиё ва жаҳон чемпионатлари ҳамда Олимпия ўйинларида шоҳсупанинг юқори поғоналаридан жой олади.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА