Аммо айрим фуқароларнинг мазкур қоидаларга нисбатан бефарқлиги ва ўзбошимчалиги коронавирус инфекция тарқалиши ҳолатларининг кескин ошишига сабаб бўлмоқда.Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, республикамиз бўйича биргина тўй ва маросим ўтказиш билан боғлиқ бир кунда 300 тагача қоидабузарликлар содир этилган.
– Ушбу йўналишда Сирдарё вилоятида 16, Жиззахда 21, Навоийда 32, Бухорода 48, Андижонда 14, Наманганда 74, Қашқадарёда 41, Сурхондарёда 10 та ва Қорақалпоғистон Республикасида 27 та ҳуқуқбузарликлар аниқланган, – деди ИИВ ахборот хизмати бошлиғи Ш.Ғиёсов. – Карантин даврида маросимларни ўтказишнинг белгиланган талабларига риоя қилмаган фуқаролар ўрнатилган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади. Жумладан, Сурхондарё вилояти Бандихон туманидаги Бирдамлик маҳалласида яшовчи фуқаро Б.Шокировнинг 28 сентябрь куни ўтказилган никоҳ тўйига тўй эгалари 30 кишидан кўп одам чақириб, карантин қоидаларини бузган. Шу сабаб фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-модда 2-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик учун фуқаролар базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахслар эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима тўлашларига сабаб бўлади.