Нукусда бўлажак шифокорлар Канада стандарти бўйича ўқийди

Қорақалпоғистон тиббиёт институтида Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси кўмагида тиббиёт соҳаси мутахассисларини Канада стандарти бўйича ўқитиш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати маълумотига кўра, сентябрь ойининг охирида Нукус шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Миллий палата раиси Ровшан Изамов ҳамда Қорақалпоғистон тиббиёт институти ректори Орал Атаниязова мазкур масала бўйича келишиб олди.
2019 йил охирида Миллий палата ва Канада халқаро қироллик коллежи томонидан Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси мутахассисларини Канада стандарти бўйича ўқитиш имкониятларини яратиш мақсадида ўзаро англашув меморандуми имзоланганди.
Бунга асосан кучли ўқитувчи-профессорлар таркибига, тиббиёт соҳасидаги жиддий фундаментал тадқиқотларга эга Қорақалпоғистон тиббиёт институти мамлакатимиздаги илғор ОТМ сифатида ўқитишнинг Канада дастури асосида дипломдан сўнгги таълим учун аккредитлашган курс шакллантириш имкониятига эга бўлади.
Тиббиёт соҳасида халқаро таълим стандартларини жорий этиш Ўзбекистон раҳбариятининг Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси олдига қўйган муҳим вазифалардан бири саналади.Ушбу мустаҳкам лойиҳа учун бу йўналишда соғлиқни сақлаш сифати билан таниқли Канада танланган.
Уч томон иштирокидаги онлайн форумда Канада халқаро қироллик коллежи Ўзбекистон тиббиёт олий таълим муассасалари ва ўқитиш дастурини аккредитациядан ўтказиш билан якунланадиган амалий ишга тайёр эканлигини тасдиқлади. Бу эса шифокорларга Канадада ва Канада таълими тан олинган мамлакатларда ишлаш имконини беради.
Нукусда Р. Изамов ва О. Атаниязова Қорақалпоғистон тиббиёт институти базасида Миллий палата кўмагида «COVID-19» билан кураш олиб бораётган шифокорларнинг малакасини ошириш мақсадида симуляцион ўқув курси очиш имкониятини ҳам муҳокама этди. Шу мақсадда Миллий палата барча зарур замонавий ускуналар ва пандемияга қарши курашда халқаро тажрибага асосланган сўнгги услубий қўлланмаларни етказиб беришни режалаштиряпти.
Пандемиянинг ўтиши тажрибаси шуни кўрсатдики, «COVID-19» билан касалланган беморларни сифатли даволашда тиббиёт ходимларининг малакаси, уларнинг замонавий ускуналар, хусусан, ўпкага сунъий ҳаво етказиб бериш ускунаси билан ишлаш тажрибаси ҳамда ҳар бир беморнинг индивидуал хусусиятларини инобатга олиш муҳим роль ўйнайди. Амалдаги шифокорларнинг ва талабаларнинг бундай махсус курсни ўташи беморларни пандемия каби фавқулодда ҳолатларда даволашни сезилари даражада яхшилайди.

 

ЎзА