Эъзоздасиз мудом, устозлар!

Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланиб Навоий давлат кончилик институти Нукус филиалида ҳам «Эъзоздасиз мудом, устозлар!» номли онлайн тарзда байрам тадбири бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг байрам табригида: «Ишончим комил, халқимиз зиёлиларининг энг фаол вакиллари бўлган Сиз, ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар давлатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар кўламини янги босқичга кўтариш, ҳаётда ўзини оқлаган мактаб – оила ва маҳалла ҳамкорлигига асосланган ижтимоий тузум самарасини орттиришда фаол қатнашиб, барчага ибрат ва намуна бўласизлар!» – деб таъкидлаган эди.
Ҳақиқатдан ҳам, устозларнинг ёшларимизнинг қалбига ва онгига она-Ватанга муҳаббат ва содиқлик туйғуларини сингдириш, уларни турли ёт ғоялардан ҳимоялаш, комил инсон этиб тарбиялашдаги фидоий хизматларини барча ота-оналар, кенг жамоатчилигимиз, бутун халқимиз жуда яхши билади ва алоҳида қадрлайди.
Онлайн байрам тадбирида филиал директори Ф.Худойбердиев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси П.Дабилов ва бошқалар сўзга чиқиб, барчани умумхалқ байрам билан табриклади.
Ўзининг кўз нурини, қалбини, қолаверса, бутун борлиғини бағишлаб, барчага эзгуликдан сабоқ берган, «Отангдек улуғ, онангдек меҳрибон» азиз устозларни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган машаққатли ва шарафли хизматларини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.
Онлайн байрам тадбири филиал талаба-ёшлари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА