Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Сизга таъзим устозлар” мавзусида онлайн байрам тадбири бўлиб ўтди.
ZOOM дастури орқали карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ташкил этилган байрам тадбирида институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари иштирок этди.
Бугунги кунда мазкур олий ўқув юртида 130 дан ортиқ профессор-ўқитувчи фаолият олиб боряпти. Уларнинг 7 нафари биргина жорий йил мустақиллик байрами арафасида давлатимизнинг юксак унвон ҳамда мукофотлари билан тақдирланди. Бу давлатимиз томонидан ўқитувчи, мураббийларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улкан ишлар амалга оширилаётганининг амалдаги тасдиғидир. Педагогларнинг меҳнати моддий ва маънавий рағбатлантирилиб борилаётгани натижасида таълим тизими босқичма-босқич такомилига етказиляпти.
Байрам муносабати билан институтда фидокорона меҳнат қилиб келаётган ўқитувчилар яна бир бор улуғланди.
Ўз касбининг фидойиси бўлган инсонларнинг меҳнати ўз самарасини бериб, бугунги кунда мазкур институт билан дунёнинг 24 та турдош олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Тадбир доирасида Ўқув театр биносида институт жамоаси томонидан тайёрланган ўқитувчи-мураббийларни шарафловчи кенгайтирилган байрам дастури намойиш этилди.