Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков иштирокида бирифинг бўлиб ўтмоқда.
Унда таъкидланишича, беморлар «Covid-19» дан тўлиқ соғайганидан кейин ҳам маълум бир муддат давомида уларда вируслар сақланиб қолиши мумкин экан.
– Бунга мисол тариқасида шуни кўрсатиш мумкинки, баъзи ҳолларда касалликдан соғайиб, клиник белгилари тўлиқ йўқолиб кетган шахсларда ҳам лаборатория (10-20 маротабагача) мусбат натижа бермоқда, – деди Н.Отабеков. – Шу боис, даволанишдан кейин ҳам яна 2 ҳафталик реабилитация чора-тадбирлари белгиланади. Тўлиқ даволанмаган бемордан унинг атрофидагиларга касалликни юқиши эҳтимоли сақланиб қолади.
Брифингда қайд этилишича, қандайдир вирус антигенига қарши ҳосил бўлган антитанача айнан шу вирусдангина ҳимоя қила олади. Коронавирус юққанидан кейин кўп ёки кам миқдорда бўлса ҳам антитаначалар пайдо бўлади.
– Антитаначалар турлича бўлиб, агар организмда иммуноглобулин-М антитаначаси бўлса, касаллик ривожланаётганини кўрсатади, иммуноглобулин-G эса организм касалликдан тўлиқ фориғ бўлиб, иммун тизим шаклланганидан далолат беради, – дейди Н.Отабеков. – Иккаласининг нисбатига қараб, бемор касалликнинг қайси даражасида эканини аниқлаш мумкин. Шунинг учун агар одамга вирус юқса, айнан ушбу вирусга қарши курашадиган антитаначалар ҳосил бўлади. Қандайдир вирус антигенига қарши ҳосил бўлган антитанача айнан шу вирусдангина ҳимоя қила олади.
М.Қосимова, ЎзА