COVID-19 тарқалишининг келгуси беш йиллик сценарийси қандай бўлади?

Америкалик олимлар янги коронавирус эпидемияси келгуси беш йилда қандай ривожланиши бўйича бир неча сценарий ишлаб чиқди. Уларнинг фикрича, коронавирусни фақат жамоавий иммунитет шакллантириш орқалигина тўхтатиш мумкин. Мазкур тадқиқот натижалари яқинда “Science” журналида эълон қилинди.

Тадқиқотчилар оддий эпидемиологик моделдан фойдаланиб, “COVID-19”нинг яқин йиллардаги кўлами ва муддатини ўрганиб чиқишди.Принстон университети олимлари бу борада турли сценарийларни кўриб чиқдилар. Улар “SARS-CoV-2”га қарши иммунитет қаршилигининг давомийлиги ва самарадорлигини, шунингдек вируснинг вакцинага қарши эҳтимолий риакцияси ҳамда нофармацевтик чоралар, яъни корхона ва мактаблар ёпилиши, ҳаракатлар чекланиши ёки тўлиқ изоляция қилиниши билан боғлиқ вазиятларни ўргандилар.

Муаллифлар инфекция табиатидаги ҳозиргача маълум бўлган барча жиҳатлар, касаллик оқибати, биринчи ва иккинчи юқтиришнинг ўзига хос томонлари ҳамда табиий инфекциялаш ёки вакцинациялашдан кейин иммунитет қаршилигига эга бўлиш даражасисини ҳам эътиборга олдилар.

Натижалар шуни кўрсатдики, коронавирус пандемиясининг глобал миқёсдаги келгуси траекторияси шаклланишидаги асосий жиҳат вакциналаш натижасида пайдо бўладиган иммунитетнинг кучи ва мустаҳкамлигига боғлиқ бўлади. Тадқиқотчилар фикрича, кучли ва узоқ муддатли иммун қаршилигини шакллантирадиган вакцина келгусида инфекция тарқалишини сезиларли равишда камайтириши мумкин.

«Шу вақтгача “COVID-19” ривожланиши билан боғлиқ муҳокамалар, асосан, мавсумий оқибатга, ниқоб тақиш ва жисмоний масофа сақлашга бағишланган эди, — дейилади Принстон университети матбуот хабарномасида.

Мазкур университет олими, мақола муаллифи Чади Саад-Ройнинг таъкидлашича, бундай чоралар қисқа муддатда ва пандемиянинг фаоллашган босқичида муҳим, бироқ келажакка назар ташлайдиган бўлсак, касалликка қарши курашда айнан иммунитет энг муҳим жиҳатга айланади».

Инсоннинг ёши ёки тузалишни қийинлаштирадиган сурункали касалликлар келажакда ҳал қилувчи аҳамият касб этмай қўяди.

«Биз ҳозирча табиий иммунитетнинг “SARS-CoV-2”га қаршилиги қанча давом этиши ёки вакцина кучини билмаймиз», — дейди изланувчилардан бири – Канаданинг Макгилл университети биомуҳандислик кафедраси доценти Кэролайн Вагнер.

“Қайта юқтириш мумкинми?”, “Инсондаги иммун қаршилиги инфекциянинг бошқа одамга юқишини тўхтата оладими?” қабилидаги айрим саволларга жавоб топиш жуда муҳим. Буларнинг бари инфекция тарқалишининг келгуси ўсиш суръатига таъсир қилади», дейди у.

Агар иммунитет кучсиз бўлса ёки қайта касалланишдан вақтинча ҳимоя қилса, бундай ҳолатда мақола муаллифларининг фикрича, яқин муддат ичида йирик ва жадал тарқалишни кутиш мумкин. Иммун қаршилигининг тавсифи клиник натижага ва оғир ҳолатлар сонига таъсир кўрсатади.

Олимлар қайд этишича, барча сценарийларда кучли иммунитет қаршилигини кўрсатадиган вакцина келгусида COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари сонини сезиларли равишда камайтира олади. Ҳатто, қисман ҳимоя қиладиган вакцина ҳам кенг миқёсда қўлланадиган бўлса, касаллик тарқалишига сезиларли равишда тўсиқ бўлади.

Коронавирус пандемиясини бартараф этиш учун дунё олимлари изланишларни бир зум ҳам тўхтатгани йўқ, албатта. Афсуски, ҳозирча узил-кесил натижага эришилмаяпти. Бундай пайтда шахсий гегиенага риоя қилиш, ниқоб тақиб юриш, ижтимоий масофа сақлаш қоидасига қатъий амал қилиш ҳамон долзарблигини эсдан чиқармаслик лозим.

Куни кеча БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш таъкидлаганидек, «дунё даҳшатли сарҳадга етди. COVID-19 пандемияси бир миллион кишининг ёстиғини қуритди. Бу инсониятни ларзага соладиган рақамдир».

«Биз ушбу муаммони енгиб ўтамиз! Хатолардан сабоқ чиқаришимиз лозим. Муҳими, масъулиятли бошқарув, илм-фан ва ҳамкорлик», – дея таъкидлади Гутерреш.

Бош котиб дунё вакцинага ҳозирча эга эмаслигини эслатиб, яна бир бор одамларни ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш ва қўлни ювиб юришга чақирди.

 

ЎзА