40 ёшли боксчимиз рақибини нокаутга учратди

Профессионал боксчиларимиз ўртасида энг ёши каттаси бўлган Шерзод Ҳусанов ўзининг навбатдаги ғалабасини Польшада нишонлади.
У ўзининг навбатдаги жангида польшалик Роберт Паржежевскийга қарши рингга кўтарилди. Кескин ва муросасиз ўтган беллашувда тажрибали боксчимиз рақибини иккинчи раундда нокаутга учратиб, фаолиятидаги 22- ғалабасига эришди.
Шерзод Ҳусанов ҳаваскор боксчилар ўртасида ўтган Осиё ва жаҳон чемпионатида биттадан кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган бўлса, Осиё ўйинларида шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олган. Шунингдек, мамлакатимиз шарафини халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилгани учун Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари билан тақдирланган.

 

ЎзА