Акс-садо
Мамлакатимиз раҳбарининг дунёнинг энг юксак минбаридан туриб айтган сўзлари, бир томондан, қалбимизга жуда катта ғурурни жо қилса, иккинчи томондан, дунёнинг нақадар мураккаб бир вазиятда яшаётганлигини, ҳали инсоният ўз ҳаётини изга солиши учун олдимизда нечоғли улкан вазифалар турганлигини англатади. Айниқса, сайёрамизни ўраб олган глобал фалокат инсониятнинг энг нозик хилқат эканлигини, бу бало ўзининг таҳликаси билан нақадар заиф эканлигимизни кўрсатиб қўйди.
Президентимиз қисқа сўзлаган бўлса-да, нутқ инсониятнинг қандай кунларни бошидан кечираётганлиги, мамлакатимизнинг қайси йўлдан бораётганлигидан то минтақа фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган сиёсатгача, озиқ-овқат хавфсизлигидан мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик ўзгаришлар борасидаги ютуқларгача, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги сиёсатдан то инсон ҳуқуқларигача бўлган ташаббусларни, қарашларни қамраб олганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Булардан ташқари, илгари ҳеч бир расмий ва халқаро даражаларда тилга олинмаган бир ҳолатнинг, яъни Ўзбекистонда аҳолининг камбағал қатлами мавжудлиги, пандемия сабабли давлат бюджетининг харажатлари ошишига қарамасдан камбағалликни қисқартириш борасида Ўзбекистоннинг тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш, одамларни янги касб-ҳунарларга ўргатиш ва аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали амалга ошираётган ишлари юксак минбардан туриб алоҳида қайд этилдики, буни бутун дунё ўрганса арзийди.
Мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистоннинг диний эркинлик соҳасида амалга ошираётган ишларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Зеро, бугунги мураккаб замонда мафкуравий қарама-қаршиликлар, диний экстремизм ва бошқа қарама-қаршиликлар тобора авж олиб бораётган бир даврда диний эркинлик, умуман, соҳанинг нафақат мамлакат ёки минтақа хавфсизлиги учун, балки давлатнинг дунёвий тараққиётини таъминлаш, халқаро имиджини юксалтириш масалалари билан ҳам нечоғлик боғлик эканлигини англаб етишимиз лозим. Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланганлиги, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш биз учун доимий муҳим вазифа бўлиб қолаётганлиги, бу кўпмиллатли ва кўпконфессияли давлатимизнинг стратегик вазифаси эканлиги алоҳида таъкидланди. Бу эса Ўзбекистоннинг демократик тараққиёт йўлидан олға бораётганлигини кўрсатади.
Маълумки, Марказий Осиё минтақасининг юрагида жойлашган Ўзбекистон минтақа барқарорлиги учун жуда катта масъулиятни елкасига олмоқда. Минтақа хавфсизлиги билан бир қаторда, унинг беқарорлигидан ҳам манфаатдор кучлар мавжуд ва бу вазият минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини яратишни тақозо этади. Ўзбекистон раҳбарининг бу борадаги ташаббусларини бугун дунё эътироф этмоқда. Эришилган натижалар, яъни Марказий Осиё давлатларининг тобора чуқурлашиб бораётган ҳамкорлиги, минг йиллик оға-иниларча ўзаро алоқаларнинг ривожланаётганлиги, ҳар қандай шароитда ва вазиятда ҳам муаммолар, ўз ечимини кутиб, тўпланиб қолган масалалар, аввало, ўзаро ҳурмат асосида елкадош бўлиб ҳал этилаётганлиги ва улар ўртасидаги савдо ва иқтисодий муносабатларнинг тараққий этиши сингари ютуқлар Ўзбекистон раҳбарининг дипломатик муваффақияти эканлигида яққол намоён бўлмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал антитеррор стратегияси доирасида минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференция ўтказилиши ташаббуси ҳам Ўзбекистоннинг собитқадам ва тинчликпарвар сиёсатини, улкан масъулиятини англатади. Зеро, бугунги даврда Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузининг ортиши, рейтингининг юксалиши Президентимизнинг прагматик сиёсати ҳосиласидир.
Президентимиз томонидан илгари сурилган энг долзарб ташаббуслардан, стратегик вазифалардан яна бири – бу минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлаш эканлиги айтилгани, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклиф этилганидир. Агар ушбу ташаббуслар дунё юзини кўрадиган бўлса, яқин келажакда Марказий Осиё фаровонлиги янада ортиши, минтақа дунёнинг глобал бозорларига жадал интеграциялашувнинг кафолати бўлиб хизмат қилиши табиий.
Марказий Осиёнинг тараққиёти, фаровонлиги, барқарорлиги ҳақида сўз юритганда, Афғонистон муаммосини ҳисобга олмасликнинг имкони йўқ. Бу Президентимизнинг мазкур чиқиши яна бир бор профессионал сиёсатчи, қўшни давлатлар учун ҳам жон куйдирадиган моҳир дипломат сифатида эътироф этилишига сабаб бўлди. Зеро, ушбу жафокаш қўшнимиз, 40 йилдан ортиқ вақт давомида кўргани уруш бўлган, иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти бутунлай издан чиққан Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ушбу мамлакатда нормал турмуш тарзини вужудга келтириш борасида ҳали ҳеч ким Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевчалик куйинмаган ва ташаббус кўрсатмаган, десак муболаға бўлмайди. Ўз раҳбарлигининг илк кунларидан бошлаб Шавкат Мирзиёев томонидан афғон заминидаги кучларни ўзаро келиштириш, бир стол атрофига жамлаш, ярашиши учун шарт-шароит яратиш, ҳар бир томонни тинглаш, мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан тиклаш, афғон халқининг ҳам тинч-осойишта кунларга етиши билан боғлиқ шунчалик кўп ташаббуслар илгари сурилдики, айнан шулар афғонлараро тинчлик музокаралари учун асос бўлганлиги нафақат Афғонистондаги турли кучлар ва гуруҳлар томонидан, балки бутун дунё жамоатчилиги, сиёсатчилари ва экспертлари томонидан тан олинмоқда.
Минтақанинг келажагини белгилайдиган яна бир стратегик ғоянинг, ташаббуснинг мазмуни шу бўлдики, бу ҳам бўлса, Афғонистоннинг тинчлик жараёнлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг доимий эътиборида бўлиши лозимлигидир. Шу нутқаи-назардан ҳам, афғон халқининг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозимлиги ва унинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарурлиги жуда катта стратегик ташаббус сифатида илгари сурилди.
Марказий Осиёдаги глобал даражадаги муаммо – Орол денгизи қуришининг оқибатлари эканлиги ҳеч биримизга сир эмас. Нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун минтақанинг ғам-ташвишини ўзи учун бегона санамайдиган Президентимиз дунё раҳбарларининг эътиборини яна бир бор ушбу масалага қаратганлиги эса глобал ҳалокатнинг нақадар долзарблигини кўрсатиб турибди.
Зеро, мамлакатимиз етакчиси бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг фаровонлиги учун жон куйдираётган, минтақани саноати ривожланган, обод ва дунё билан кенг интеграциялашган ҳудудга айлантириш орзуси билан яшаб, шунга монанд меҳнат қилаётган етакчи сифатида намоён бўлмоқда.
Бектош Бердиев,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси халқаро муносабатлар кафедраси катта ўқитувчиси.
ЎзА