Айни пайтда мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси маданият ходимларидан иборат делегация қўшни мамлакатда меҳмон бўлиб турибди.
Бугунги кунда ҳам халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик алоқалари ва мамлакатларимизнинг барча соҳалардаги ҳамкорлиги анъанавий тус олмоқда. Сўнгги йилларда ўзаро алоқаларда ижобий динамика кузатилмоқда. Бунда икки давлат раҳбарларининг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати, ўзаро ишончга асосланган очиқ мулоқотлари ҳамда ушбу учрашувлар чоғида эришилган келишувлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тожикистон Республикаси маданий соҳанинг барча йўналишларида Ўзбекистон Республикаси билан яқин ҳамкорлик қилиш ва мавжуд икки томонлама ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга тайёр экани қайд этилди.
Мазкур анжуман ҳамда маданий соҳадаги келгуси тадбирлар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни юксалтириш ва икки биродар халқ орасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Икки мамлакат кутубхоналари ва илмий-тадқиқот масканларида сақланиб келаётган нодир тарихий қўлёзмалар факсимилиялари билан алмашишни йўлга қўйиш борасидаги Ўзбекистон томонининг таклифи қўллаб-қувватланди.
О.Назарбековнинг коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган чекловлар бекор қилиниши билан Ўзбекистон Республикасида Тожикистоннинг маданият кунларини ўтказиш ҳамда маданият соҳасидаги идоралараро Битимни янгилаш ҳақидаги таклифига ижобий муносабат билдирилди. Шунингдек, Ўзбекистон маданият вазири томонидан ўзбек ва тожик халқларининг умумий номоддий маданий меросини ЮНЕСКО рўйхатига киритиш бўйича номзодномани биргаликда тайёрлаш ҳамда Мақом санъати йўналишида ҳамкорликни янада кенгайтириш таклиф этилди.
Ташриф доирасида ижодкорларнинг “Дўстлик – бизнинг азалий мақсадимиз” мавзуидаги давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди. Бундай мулоқотлар мамлакатларимиз ўртасида барча соҳада, хусусан маданий алоқаларни изчил ривожлантириш учун замин яратишига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Президентининг иккитомонлама муносабатларда мавжуд бўлган барча масалаларни ечиш бўйича амалга оширган саъй-ҳаракатлари Тожикистонда юксак қадрланади. Икки мамлакат ўртасидаги чегаралар очилиб, транспорт тизимлари тикланиб, фуқароларнинг эркин борди-келди қилишлари учун имкониятлар яритилгани Тожикистон жамоатчилиги томонидан олқишланди.
Бу ўринда, жорий йилнинг 11-12 сентябрь кунлари Саразм шаҳрининг 5500 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро симпозиумда Ўзбекистон олимлари фаол қатнашгани ҳамда 14-15 сентябрь кунлари Душанбеда ташкил этилган Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ўзбек-тожик стратегик шерикчилигида янги саҳифа очишга қўшган ҳиссалари мавзуидаги илмий-амалий конференцияни юксак савияда ўтказишда кўрсатилган жонбозлик учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирилди.
Тадбирда икки мамлакат маданият вазирликлари хомийлигида Маданий кенгаш ташкил этиш ва унга илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликнинг мониторингини олиб бориш, тегишли ҳисоботлар тайёрлаш ва қўшма чора-тадбирлар режаси (Йўл харистаси) лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифасини қўйиш борасидаги таклиф илгари сурилди.
Тожикистон томони COVID-19 пандемияси туфайли киритилган чекловлар оқибатида бир мунча пасайган илмий-маданий мулоқот ва алоқаларни қисқа муддатларда қайта тиклаш ва янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.
Маданий дастур доирасида Ўзбекистон делегацияси Душанбе шаҳридаги “Наврўз” саройи ва Тожикистон миллий музейи билан ҳам танишди.
Шундан сўнг, делегация аъзолари Тожикистон Миллий фанлар академияси ва Тасвирий санъат ва дизайн давлат институтида мулоқотлар ўтказди. Учрашувлар якунига кўра, Ўзбекистон Фанлар академияси Навоий филиали ва Тожикистон Республикаси Миллий фанлар академияси геология, зилзилага чидамли қурилиш ва сейсмология институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.