“Al Bayan” газетаси: Ўзбекистоннинг БАА билан алоқалари кескин ривожланиб бормоқда

Бирлашган Араб Амирликларининг «Al Bayan» газетасида 2020 йил 24 сентябрь куни “Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги йўналишлари” сарлавҳали мақола чоп этилди.

Унда муаллиф, Дубай ҳукумати маслаҳатчиси, БААнинг собиқ иқтисодиёт вазири Султон ал-Мансури Бирлашган Араб Амирликлари – Ўзбекистон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари хусусида сўз юритган.

photo_2020-09-25_18-03-40.jpg

Мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзлаган нутқи катта қизиқиш уйғотгани таъкидланади. “Жаноби Олийлари ўз нутқида ёрқин келажак ва юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга қарши пухта тайёргарлик кўриш, барча имкониятлардан оқилона фойдаланиш, ноанъанавий усулларни жорий қилиш борасида тўхталиб ўтдилар”, – деб ёзади муаллиф.

Бу борада у сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг БАА билан ҳамкорлик алоқалари кескин ривожланиб бораётганини таъкидлайди. Ҳукумат бошқаруви самарадорлигини ошириш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, инвестициявий иқлимни ривожлантириш ва бизнес учун жозибали инфратузилмани яратиш борасида ўзаро фикр ва тажрибалар алмашинуви шулар жумласидан экани қайд этилади.

Муаллиф БМТ Бош Ассамблеяси ташкил топганининг 75 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтаётган сессия муҳокамаларида COVID-19 пандемияси ва унинг оқибатларини бартараф этишга тайёргарлик кўриш асосий мавзу этиб белгилангани ер юзидаги барча миллатлар бир мақсад доирасида бирлашиши зарурлигини англатишига эътибор қаратади.

Унинг таъкидлашича, бу борада хар қандай сиёсий, мафкуравий, этник ва бошқа муносабатлардан қатъи назар, юзага келиши мумкин бўлган глобал муаммоларга қарши курашишда Ўзбекистон ва БАА дўстона муносабатларини намуна сифатида кўрсатиш мумкин. Муаллифнинг фикрига кўра бу бирлашув дўстлик алоқаларининг янада кенгайиб чуқурлашиб боришига хизмат қилади.

Мақолада жорий йил бошидан бутун дунёни қамраб олган пандемияга қарши курашда бирдам бўлиш зарурлигини тўлиқ англаган ҳолда, БАА янги коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти саъй-харакатларни қўллаб-қувватлагани ва ўз ҳиссасини қўшганини эътироф этади. Шу билан бирга, пандемия даврида БАА дунё давлатларига бу офатдан осон чиқиши ва унинг оқибатларини бартараф этишда ўз ёрдам қўлини чўзганини ёзади.

“Жумладан, 1328 тонна озиқ-овқат ва тиббиёт анжомлари 111 та давлатда фаолият кўрсатаётган 1,3 миллион нафар тиббиёт ҳодимига коронавирусга қарши курашишда фойдаланиш учун етказиб берилди”, – деб қайд этади муаллиф.

Султон ал-Мансурининг ёзишича, БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари пандемия сабабли дунёда содир бўлаётган қийинчиликларни бартараф этишга имкон берувчи самарали ечимларни топишда мавжуд имкониятларни бирлаштиришга янада кенг йўл очади.

Икки томоннинг давлат бошқарувини модернизация қилиш соҳасидаги стратегик шериклиги юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликларга ҳукумат тайёрлигини оширишга қаратилгани билан ўзининг долзарблигини исботлади. Бу эса келажакка умид пайдо қилади ва шундай мураккаб даврни енгиб ўтиш учун янада бирдамликка чорлайди.

Нашрнинг таъкидлашича, мавжуд вазиятдан чиқиш бутун дунё бўйлаб бирлашиш ва ҳамкорлик кўпригини яратишни тақозо этмоқда. Бу борада БАА COVID-19 га қарши вакцинанинг 3-босқичини синовдан ўтказгани қайд этилади. Бунинг учун 120 дан ортиқ миллатдан 31 минг нафардан ортиқ кўнгилли жалб этилган.

БАА Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтган ҳафтада COVID-19 га қарши вакцинадан фойдаланиш учун биринчи бўлиб иш фаолиятидан келиб чиққан ҳолда ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мудофаа чизиғи қаҳрамонлари – тиббиёт ходимларига рухсат берилган.

Мақолада сўнгги йилларда БАА билан Ўзбекистон ўртасидаги дўстона алоқалар доирасида ҳукуматлараро 9 та битим ва умумий қиймати 10,1 миллиард долларга тенг 18 та инвестициявий шартнома имзолангани қайд этилган. Икки мамлакат ўртасидаги илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши коронавирус билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, дунёнинг барча халқлари манфаати учун янги технология ва ишланмаларни яратилишига кенг йўл очиши таъкидланган. “Бу биз орзу қилаётган COVID-19 дан кейинги даврга эришиш имконини беради”, дейди муаллиф.

“БАА келгуси авлодлар учун хайрли ишларларни қўллаб-қувватлайдиган ва бутун дунё халқлари интилаётган тараққиёт ва фаровонлик кафолатини берадиган ёрқин келажак учун ҳамкорлик кўприкларини ўрнатишга, умидли эртанги кунни бошлаш, унда обод ҳаётга эришиш йўллари билан ўртоқлашишга тайёр”, деб ёзади собиқ вазир ўз мақоласида.

Маълумот учун: «Al Bayan» асосан Амирликлар ички аудиториясига мўлжалланган бўлиб, мамлакатда араб тилида чоп этиладиган энг нуфузли газета ҳисобланади. Шунингдек, газета Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларига онлайн тарзда етказиб берилади.

Газетанинг босма тиражи – 104 минг дона, “Facebook” ижтимоий тармоғида 1,4 миллион ва “Twitter”да 800 минг ўқувчисига эга.

 

ЎзА