Нукус ва Урганчда 93 нафар ҳарбий хизматчи кўкрак нишони билан тақдирланди

2020 йил оғир ва синовли келди. Бундай дамларни кундан-кунга тараққиёт сари одимлаб бораётган мамлакатимиз ҳам, минг афсуски, бошидан ўтказишга мажбур бўлди.

Шу йилнинг март ойида Ўзбекистонга кириб келган коронавирус пандемияси халқимиз бардошини, давлатимиз қудратини, ҳукуматимиз ғамхўрлигини, юртдошларимиз саховатини ҳам жиддий синовдан ўтказди.Май ойида эса мамлакатда юзага келган табиий ва техноген офатлар ватандошларимизни янаям бирлаштириб, халқимизнинг меҳр-оқибат, саховат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини намоён этди.

COVID-19 пандемияси даврининг синовли кунларида ҳамда Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши туфайли юзага келган сув тошқини оқибатларини бартараф этишда мардлик, матонат ва жасорат намунасини кўрсатганларнинг меҳнати ҳукуматимиз томонидан юксак баҳоланиб, бир гуруҳ ватандошимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди.

_U4A0583.JPG
_U4A0455.JPG

Таъкидлаш жоизки, юртимиз ва халқимиз бошига тушган ана шундай синовли кунларда меҳр-саховат, мардлик ва жасорат ҳамда олижаноблик кўрсатиб, туну-кун халқ ва юрт дарди билан яшаб келаётган Ватан ҳимоячиларининг камтарона хизматларига ҳам юқори баҳо берилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов Нукус ва Урганч гарнизонида хизмат қилаётган 93 нафар офицер ва сержантларга Президент номидан “Меҳр-саховат” кўкрак нишонини тантанали тарзда топширар экан, миллий армиямиз ҳар доим халқимиз билан бирдам бўлиб, ҳар қандай вазиятда тинчликни асраш, юртдошларимизга ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканлигини исботлаб келаётганини таъкидлаб ўтди.

Бу хақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

Сўзга чиққанлар бутун дунёда кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган юрт ҳимоячиларини эътироф этишди.

Тадбир давомида Президент номидан мукофотлар ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, мудофаа вазирининг буйруғи билан навбатдаги ҳарбий унвон олган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга унвонлар берилди.

_U4A0513.JPG

 

ЎзА