Октябрь ойида мактабларда PIRLS-2021 халқаро тадқиқотлари бўйича тажриба синов ўтказилади

Ўзбекистон 2021 йилда илк маротаба бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлигини баҳолаш бўйича PIRLS-2021 халқаро дастурида иштирок этади.

2001 йилдан бери ўтказиб келинаётган навбатдаги тадқиқотларда дунёнинг 60 дан ортиқ давлатлари иштирок этиши белгиланган.Ҳозирги пайтда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) билан ҳамкорликда ушбу жараёнга қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Хусусан, жорий йил октябрь ойида PIRLS-2021 халқаро дастурининг тажриба-синов тадқиқотини ўтказиш режалаштирилган.

Бунинг учун республикамиздаги умумий ўрта таълим муассасалари орасидан тасодифий 28 та мактаб танлаб олинди.

Мазкур жараёнларга сифатли тайёргарлик кўриш мақсадида танлаб олинган мактаблар иштирокида онлайн семинар ташкил этилди. Унда мактабларнинг бошланғич ҳамда она-тили ва адабиёти фанлари ўқитувчилари, мактаб директорлари ҳамда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарларидан иборат 100 дан ортиқ мутахассис ходимлар иштирок этди.

Семинар давомида халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича мактабларга етказилган қўлланма ва ахборотномалар ҳамда Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мунтазам равишда эълон қилиб борилаётган машқ дафтарлари бўйича топшириқлар таҳлили ҳамда баҳолаш мезонлари бўйича иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди.

 

ЎзA