Маънавият
Аввал яхшини айт-да, кейин ёмонни айт, дейди ўзбеклар. Яхшини ёмон бўлди, деб куюнма, ёмонни яхши бўлди, деб суюнма, деган маъноли, таскинбахш нақлни ҳам шу эл яратган. Доим яхши гумонда бўлинг, деган ўгитга амал қилиб келаяпти бу халқ.
Мен ҳам бу ботиний қоидаларга амал қиламан. Қуйидаги мулоҳазаларимда ҳам шу тамойил устундир.
Турк халқининг ўтмиши, диний кечмиши бизнинг тарихимизга туташиб, қоришиб кетган. Улар бизнинг юртни ота юрт, ўзбекларни орқадош деб эъзоз қиладилар. Биз уларнинг дунёдаги мавқеидан фахр туямиз. Ғарб тамаддунида топган шуҳратидан ғурурланамиз. Бегоналар ичида буюк Турк хоқонлигини тузган қардош боболарни алқаб эслаймиз. Жаноб Эрдўғоннинг дини ислом учун, турк қавми учун қилаётган ишларини хайрихоҳликда кузатамиз. Яхшилик соғинамиз. Ҳатто Европа футболида “Галатасарой” клуби ютса, беихтиёр қарсак чаламиз. Бизникида, ўзимизнинг туркийларимиз, қондошларимиз-да. Қон тортади, суяк суради…
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жиҳатдан энг яқин ҳамкорларидан бири ҳам Туркия давлатидир. Турк биродарларнинг савдо-сотиқ, товар айрибошлаш, меҳнат миграцияси, қурилиш, қўйингки, барча жабҳада ўз улушлари бор, истиқболли ҳамкорликлар бардавом. Очиғи, хориж маҳсулотлари сотиладиган дўконга кирсам, немис, хитой ё бошқа халқникини эмас, турк маҳсулотини харид қилгим келаверади. Бас, хорижники бўлиши керакми – туркникини олиш керак. Ўзимизники! Бошқаларни билмадим, менда шундай кечим бор.
Алқисса, ХХ аср остонасида юртимиз, бутун Туркистон озодлиги учун курашган Туркиядан келган Анвар пошшонинг қаҳрамонлигини, унинг юртимиз тупроғида шаҳид бўлганини ҳам ўзбеклар унутгани йўқ. У жўмард саркарда бизнинг тупроқдан “қизил”ларни қувиб юборишдек муддао билан, шу йўлда ҳалок бўлган.
Бироқ… Бугунги глобаллашган дунёда, расмий чегараларни интернет тўлқинлари орқали ҳатлаб ўтиш мумкин бўлган вазиятда, онгнинг йўналиши, тафаккурнинг ҳаракат тарзи бирламчи бўлган, “энг қиммат маҳсулот – ғоя” ҳисобланаётган паллада, дунёнинг турли буржидан медиа товар сифатида бизнинг тартиботимизга, ҳаётимизга турк сериали ҳам кириб келдики, бундан дилларимиз бироз хира тортаётир. Аслини олганда, биз сериал ишлаб чиқаришни ҳали ўзлаштирмаган пайтимиз – мустақилликнинг илк йилларида Лотин Америкасининг “Изавро”, “Бойлар ҳам йиғлайди”, “Морена Клара”, кейинроқ корейсларнинг туркум сериалларини ҳам томоша қилиб ўтганмиз. Бироқ улар қон-қони билан бизга бегона эди. Руҳимизга сингмади, ўтиришмади. Мексикалик йигит ва қиз ўпишганини экранда кўрсатса, юзимизни яшириб, “э, копирлар” деб, жараён тугагач яна томошани давом эттиравердик. “Улар шундай қилиши мумкин, улар – беҳаё, уларга мумкин”, деган ички тўхтам бизни ўша интим манзаралардан асраб ўтди ҳам. Бунда асосий омил “улар”нинг бизга бегоналиги эди. Овозини кўтармайдиган корейсларнинг-ку ўпишгани ҳам сезилмайгина ўтди.
Аммо турк сериалидаги ҳар бир хатти-ҳаракат аёлу қизимиз, ўғил болаларимизгача қаттиқ таъсир қилди. Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг бир нечта каналида мунтазам – йиллаб давом этаётган турк сериалларининг ҳаммасида муҳаббат мавзуси бор. Аммо муҳаббат ҳам муҳаббатки, хиёнат ва унга ўзича курашиш, ўпка йиғи, ёлғон кўзёшлар… – турк сериалларининг аксариятида шундай. Ёмони – эрли аёлнинг бошқа билан “юриши” ва буни “асл севганим сен эдингу мен билмасдан манави нодонга тегиб қўйибман”, деган даъво билан хаспўшлаши, муҳими бу – икки кемадан ҳам умидвор бўлган “жабрдийда” ойимчанинг фильм қаҳрамони, чинакам севги, садоқат тимсоли этиб талқин этилишидир.
Бу қаҳрамоннинг мубҳам муддаоси эрига, оиласига, фарзандига хиёнат қилмагандай кўринса-ю, аммо анави жигаридан урган билан пинҳона “ўйнаб-кулиб” юраверса. “Вой, сени Худо асрасин!”, “Сени Аллоҳ қўлласин, асалим, гўзалим, фариштам, кўзимнинг нури” каби сўзлар совуққонлик, паришону карахт ҳолда лабидан чиқаётган хонимнинг эгнидаги уйлик либосини кўриб, экран қаршисида ўтирган аёлингдан уялиб кетасан одам. Унга бурилиб қаролмайсан. Неажабки, уйдаги аёлимиз ё қизимиз турк сериалидагидек кийиниб олса ҳам нима деёласиз?! Пул, ишрат, манфаат устига қурилган оила-ю бой берилган номусини, илк бўсасини эслаб энтикишлар, хўрсинишлар, росмана, эҳтиросни қўзғовчи саҳналар… Либос масаласида турк режиссураси жуда олдинлаб кетган ёки беҳаёлик тарғиботидан манфаатдорга ўхшайди. Билмадим, ҳарнечук мусулмон оламида ўзига хос ўрни бор бу халқнинг сериалларини кўриб, наҳотки уларнинг яшаш тарзи ҳам шу даражада яланғочлашиб кетган бўлса, деб ўйлаб қоласан киши.
Мен атайлаб кўрган сериалларнинг ҳеч бирида ижтимоий юк, Ватан ва эл манфаатларига боғлиқлик, ҳаққоний ҳаётнинг шарпаси ҳам йўқ. Фақат бир оила ичидаги ўта майда ивир-шивирлар. Хиёнат, сўнгра ўкинчли, аламли кўзёшлар, ўлиб-ўлмайдиган, ёки ўлдириб қўяқолмайдиган ланж йигитлар, қизлар, аёллар… Бир сўз билан айтганда, ёлғон воқелик, ёлғон ечим, дидсиз ижро.
Бизнинг нимани тутса эп билиб кўраверадиган бардоши мўл томошабин эса бу сериаллардаги тутумларни ҳаётига кўчириб олаётир. Бўй етаётган қизларимиз руҳида аллақандай совуқ беҳаёлик нуқсини кам бўлсада, сезиб қоляпмиз. Бу – ёмон! Мурғак болалар, беқарор ўспиринлар бу сериалларни қалбга жойлаб, соч тарашларини ҳам турклаштириб, сийрак соқолларини эса борича қўйвориб турк йигитларига ошкора тақлид қилишмоқда. Уларни маҳлиё қилаётган сирти ялтироқ қаҳрамоннинг эса боши қотган: хотини билан яшайверсамикин, дўстининг хотинини йўлдан урсамикин? Ахир, дўстининг хотинининг унга майли бор – билиб, сезиб юрибди…
Ана шу сериалларни аксарият уйда ўтирадиган аёлларимиз ютоқиб кўришмоқда. Опа-синглисиникига меҳмонга, дийдорлашув учун борса ҳам, сериал ҳақида гаплашади: “Ўлиб кетсин, анови Гулсум. Бояги йигит билан аввалдан юрар экан-да. Лекин бечоранинг эри лақма экан. Сезмади…” Ишонинг, ҳатто тўйга борган аёлларимиз ҳам шундай гаплашишяпти. Уларга эргашиб борган болакайлар бу машмашаларни тинглаб, мияси мудҳиш сўзларга тўлиб ўсаяпти.
Минг шукрки, Ўзбекистонда оила қадрият даражасини ҳали йўқотгани йўқ. Оила азиз қўрғон ҳануз. Аммо кейинги вақтларда никоҳ бузилишлари, ажримлар сонининг кўпайиши, вояга етмаганлар ўртасида мудҳиш жиноятлар содир этилиши каби оғриқли муаммолар маҳалла оқсоқолидан бошлаб, юқори ташкилот раҳбарларигача безовта қилаётир. Бунга оиладаги етишмовчилик, моддий таъминланмаслик оқибатида келиб чиққан зиддиятлар ёки тўқликка шўхлик каби сабабларни асос қилиб оляпмиз. Аслида ҳамма гап уйимизда. Аниқроғи, кўплаб муаммоларнинг манбаси кеча-ю кундуз ёниқ турган телеэкранимиздадир. Аммо телевизор кўрмасликнинг иложи йўқ. Ва қизларимиз бечидам, беқаноат, сабрсиз, тегманозик, келинларимиз бўйида бўлганидан тортиб, УЗИ аппарати етти ойлик ҳомиласини ўғил ё қиз деб айтганигача қайнотаси олдида бемалол гапиряпти. Ўғил болалар бачкана, қизбет бўлиб улғаяяпти. Шаҳар мактабларида аксарият ўқитувчилар аёллар бўлгани ҳам турк сериалидан озиқланган болаларга онг остидаги “мен”ини, унда пайдо бўлган иллатларни ошкор этишга йўл очаётир.
Яқинда вилоятлардан бирида бўлиб ўтгувчи тўйлар ва унинг теграсидаги турли тафсилотлар ҳақида айтиб беришди.
Келин тушадиган уйнинг пардасини тутадиган махсус чевар жувон бор экан. У тўйдан олдин бўлажак куёвнинг уйига ўз вазифасини бажаришга келаркан. У чевар жувонни эри “Матиз” машинасида олиб юрар экан. Тўйлар кўпайган пайтларда икки-уч ойлаб, ҳалиги чевар эри билан юрт кезиб парда тутаркан. Ўша эр ҳеч қаерда ишламаскан, аёлнинг топганини еб, унга ҳайдовчи ва хос қўриқчи бўлиб юравераркан. Парда тутилаётганда аёли чиқиб турган стулни суяб ҳам тураркан. Ўша чевар келин тўйларга ўзи юрса бўлмайдими, деса, эри уни гарддаккина рашк ҳам қиларкан, дейишди. Ўша йигитнинг мактабда ўқийдиган боласига отанг нима иш қилади, деб савол бериб бўладими? 27 ёшдаги бу йигитни нима жин уриб бундай беор бўлиб қолди? Қаердан пайдо бўлмоқда бундай сўтаклар? Сериал фарзандлари булар!
Ўйлаб қоласан, киши. Ҳар бир эфирга узатилаётган сериал, фильмларни аввало мутахассислар кўриб, саралаб, ажратиб олиши керак эмасми? “+16” деган белги-огоҳлантириш билан, икки-уч эркак билан бирдай муносабатлар ўрнатган аёл ҳақидаги разил томошаларни эфирга узатавериш мумкинми? Ёки булардан кимлардир манфаатдорми? Тушунмайсан…
Иссиғи чиқаётган гўдакка дори тутсангиз, ўла қолса ичмайди.
Ўзи шундоғам инжиқланиб қолган бу болани мажбурлаб, оёқ-қўлини босиб дорини ютдирамиз. Бўлмаса тузалмайди. Ёки шу болага стол устига пахтақанд ва сариёғ суртилган нонни қўйиб, “бировини ол”, десангиз, бола пахтақандни танлайди. Бу фойдасиз, гижжанинг уяси бўлган озуқага ширин сув сепилган, пуфлаб шиширилган. Болага шу керак. Табиий тоза, вужуд учун нафи кўп сариёғ ва нонни мажбуран ейди.
Ал-Ҳаким ат-Термизий ҳазратларининг “Кишига шу биргина айби кифоя қилурки, ўзига зиёнкор бўлган нарса уни қувонтиргай” деган ҳикмати бор. Гап шундаки, жамият кишилари ҳам маълум маънода бояги болакайга ўхшаб, ўзига фойдали нарсани кўпам хушламайди. Чунки фойдали нарсага етишиш учун озгина меҳнат ва тоқат керак. Сериал томоша қилиш эса Навоийни ёки Толстойни ўқиш эмас. Шундоққина чайналган нарса – ютасан-қўясан. Шундай экан, жамият “болалари”га тутаётган нарсамизнинг нима эканини билишимиз керак эмасми?
Одам учун балиқ гўшти ҳам, сут ҳам жуда фойдали, аммо балиқни сутга қайнатиб еса, одамни кўр қилади бу таом. Турк сериалидаги изтироблар ҳам, мавзулар ҳам ана шундай таъсир воситасини ўтамоқда. Мафкуравий иммунитетни ўлдиришга, шундоғам информация билан тўлиб тошаётган миямизни яна олқинди машмашалар билан зичлаштиришга хизмат қилувчи сериалларни бизга тиқиштираётганлар хоҳлаб-хоҳламай кўрсатилаётган сериалларни “истеъмол қилаётган” халқнинг – томошабиннинг уволи борлигини, жавоби борлигини унутмасинлар.
Одамларимиз, айниқса, ёшлар ўртасида жиноят, бузғунчилик каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш, уларни тўғри йўлга солиш мақсадида мутасадди ташкилотлар бетиним меҳнат қилмоқдалар. Бироқ уйида, экран қаршисида тарбияси бузилаётган, бизга бегоналашаётган фарзандимизга қандай кўмак бериш мумкин?
Буни – авлоднинг қалбини бепарда, ҳаёсиз нарсалар билан тўдираётган телевидениедаги масъуллар билиши лозим. Ўзбеклар туркларга қанчалар яқин, қардош бўлмасин, бошқа халқ, таъби бошқа, диди бўлак. Ҳар бир нарсани жиддий қабул қиладиган, таъсирчан халқ. Улғайган, илдиз отган замини бошқа. Марказий Осиёнинг юрагида униб-ўсган, қадим ҳаёсини ушлаб турган элдир ўзбек дегани. Қолаверса, киночиларимиз ҳам турк сериалчиларидан кўра истеъдодлидир. Буни билишимиз, суиистеъмол қилмаслигимиз керак.
Шодмонқул САЛОМ, ЎзА