Вирусга қарши антибиотиклар таъсир қиладими?

“Мактабларда бармоқдан қон олиб коронавирус учун текширув ўтказиляпти. Санитария-эпидемиология марказларида эса бурундан суртма олиб текшириляпти. Бир одамда иккала тест бир-бирига мос келмаяпти. Қайси тест тўғри хулоса беради?”
Ушбу саволга Нурмат Отабеков қуйидагича жавоб берди:
– Бурундан олинган суртмалар организмда вирус борлигини маълум қилади. Бармоқдан қон олиб текшириш натижалари эса касалликдан сўнг организмда антитаначалар (антителолар) пайдо бўлганини билдиради.
Мутахассислар қандли диабет билан оғриган беморларни коронавирус хавф гуруҳига киришини таъкидлаб келмоқда.
Н.Отабековнинг айтишича, агарда бундай беморлар вирус юқтирса ва шифохонага мурожаат қилса, маслаҳатга шу соҳа мутахассислари чақиртирилади ёки онлайн маслаҳат уюштирилади. Бундан ташқари, COVID-19 ни даволаш протоколларига қандли диабетли беморларни даволаш масаласи ҳам киритилган.
– Коронавирус касаллиги ҳар қандай иккиламчи (ёндош) касаллиги бор одамларда оғир кечиши, шу жумладан, юрак етишмовчилиги бор беморларда ўпканинг зарарланиши билан боғлиқ муаммолар тез-тез юзага келиши мумкин, – дейди Н.Отабеков. – Шунинг учун ҳам бундай ёндош касаллиги бор шахсларда COVID-19 бирмунча оғир кечиши кузатилмоқда.
Шу сабабли юрак етишмовчилиги борлар ҳам COVID-19ни юқтирмаслик учун карантин чора-тадбирларига тўлиқ риоя этиши, тиббиёт ходимлари тавсияларига оғишмай амал қилиш керак. Улар заруратсиз кўчага чиқмаслик, ортиқча мулоқотларга киришмаслик, жамоат жойларига боришдан тийилиш орқали касаллик юқишидан сақланиши мумкин. Лекин ҳамма ёндош касаллиги бор шахсларда COVID-19 оғир кечади деган фикрни олға суришни зинҳор ҳоҳламаган бўлардим. Албатта, шу ўринда вируснинг патогенлик ва вирулентлик даражаси ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Антибиотиклар вирусларга қарши таъсир қиладими? Ушбу саволга мутахассис қуйидагича жавоб берди:
– Агар оила аъзоларидан бирида коронавируснинг енгил формаси аниқланган бўлса, биринчи навбатда, беморни алоҳидалаш зарур, – Н.Отабеков. – Бошқа оила аъзолари тиббий ниқобда бўлишлари, профилактика мақсадида иммунитет оширувчи препаратлар ва вирусга қарши препаратларни қабул қилишлари ҳамда назоратда бўлишлари керак. Антибиотиклар вирусли касалликлар профилактикасида ҳам, даволашда ҳам қўлланилмайди. Чунки улар вирусларга қарши таъсир қилмайди, фақат бактериал инфекцияларда қўлланилади.

 

Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА